Қотиллар бошқа мамлакатларга ҳам боради – Зеленский БМТ “катталарини” Россиянинг амбицияларидан огоҳлантирди

Олам

image

Россия Украинада мағлуб этилиб, тўхтатилмаса, руслар Европа, осиё, Африка ва Лотин Америкасининг бошқа давлатларига ҳам етиб бориши мумкин. Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 24 август куни Нью-Йоркдаги БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида шундай фикр билдирди.

У мамлакати уруш шароитида Мустақиллик кунини нишонлаётганини таъкидлаб, ҳозир ҳамма бутун дунё Украинанинг озодлигига нақадар боғлигини тушунишини айтиб ўтган.

“Агар Россия ҳозир тўхтамаса, Россияни Украина ғалабаси тўхтатмаса, бу қотилларнинг барчаси охир-оқибат Европа, Осиё, Африка, Лотин Америкасидаги бошқа мамлакатларга ҳам келиши мумкин”, дейди Украина президенти.

Зеленский Россия Украинага қарши тажовуз учун жавобгарликка тортилиши кераклигини қўшимча қилган. Шунингдек, у келаси йили Киевда БМТ шафелигида Келажак саммитини ўтказишни таклиф қилди.

“БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш келаси йили “Келажак саммитини” ташкил қилмоқчи. Биз бу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз ва умумий келажагимизни барпо этиш учун инсониятнинг тинч-тотув яшашига имкон бермаган, яъни босқинчилик, мустамлакачилик амбицияларини тарих ахлатига қолдириш зарурлигини яна бир бор тасдиқлаймиз”, дейди у.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, “бу саммитни Украинада, умуман келажак бўлиш-бўлмаслиги ҳал қилинаётган мамлакатда ўтказиш рамзий маънога эга бўларди”. 

“Бу масала Запорожье атом электр станциясида, денгиз портларимизда, Донбассда, Қримда ҳам ҳал қилинмоқда. Бизнинг мустақиллигимиз сизнинг хавфсизлигингиздир”, деди Украина Президенти.

Аввалроқ Россия Зеленский билан видеоконференция ўтказишга тўсқинлик қилишга уриниб кўрган эди. Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя ўз позициясини Россия делегацияси “фақат Украина Президентининг Хавфсизлик кенгаши мажлисида шахсан иштирок этишини қўллаб-қувватлаши” билан асослаган. Небензянинг сўзларига кўра, Зеленский Кенгаш йиғилиши учун Нью-Йоркка учиши мумкин. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзосидан 13 таси эса Россия талабини қўллаб-қувватламади. Хитой бетараф қолди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг