Қирғизистон ҳам Швецияда Қуръон таҳқирланишига муносабат билдирди
Олам
−
01 Август 2023
5460Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев Швеция ҳукуматини мусулмонлар учун муқаддас бўлган Қуръонни таҳқирлаш ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўришга чақирди. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВ хабар берди.
Айтилишича, Кулубаев Швеция Ташқи ишлар вазири Тобиас Билльстрём билан телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбат Швеция томонининг ташаббуси билан ташкиллаштирилган.
Вазирлар Қирғизистон ва Швеция ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган. Хусусан, сиёсий алоқаларни давом эттириш ва турли даражадаги ўзаро ташрифларни ташкил этиш муҳимлиги қайд этилган.
Билльстрём Стокгольмда Қуръоннинг ёқиб юборилиши билан боғлиқ вазият ҳақида маълумот бериб, Швеция ҳукуматининг бу борадаги позициясини қайд этган. Кулубаев эса Швеция ҳукумати одамларнинг диний туйғуларига таъсир қиладиган бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриши керак, деган фикр билдирган.
Маълумот учун, кеча, 31 июль куни ироқлик муҳожирлар Салван Момика ва Салван Нажим Стокгольмдаги парламент биноси яқинида акция ўтказиб, яна Қуръонни таҳқирлаган. Бу сафар улар муқаддас китобни тепиб, унинг бир неча вароғини ёқиб юборган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни Швецияда полициясининг рухсати билан акция ўтказилган ва унда Ироқдан келган 37 ёшли муҳожир Салван Момика Қуръон саҳифаларини йиртиб ташлаб, уни ёқиб юборганди. Бу ҳаракат кўпчилик томонидан, хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам қораланди. Салван Момика эса 20 июль куни яна Стокгольм полициясининг рухсати билан Ироқ элчихонаси яқинида акция ўтқазди ва мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръон нусхасини тепди. Кейинчалик Дания пойтахти Копенгагендаги Ироқ элчихонаси олдида ҳам ўта миллатчи “Даниялик ватанпарварлар” гуруҳи вакиллари митинг ўтказиб, Қуръон китобини ёқиб юборди. Кейинчалик Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Қуръон таҳқирланишини қоралади.Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Швеция ва Данияда Қуръонни таҳқирлаш билан боғлиқ ҳаракатларни дунё мусулмонлари учун ҳақоратомуз, деб атади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси “Нафрат сўзларига қарши курашиш контекстида динлараро ва маданиятлараро мулоқот ва бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш” резолюциясини қабул қилди. Ўзбекистон унинг ҳаммуаллифларидан бири бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь