Тўқаев Европада Қуръон ёқилишини қоралади
Олам
−
26 Июль 2023
4547Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Шимолий Европанинг бир қатор давлатларида Қуръон ёқиб юборилганини қоралади. Бу ҳақда Қозоғистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Тўқаев муқаддас китобни ёқиш ҳаракатларини замонавий дунёда кескинликни кучайтириш, халқлар ва давлатлар ўртасидаги ишончга путур етказишга қаратилган номақбул провокация, деб ҳисоблашини айтган.
Шунингдек, Қозоғистон Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойини чақириш ташаббусини илгари сурган. Расмий Остона мазкур форум анъанавий динлар ва конфессияларнинг нуфузли вакиллари ўртасида самарали мулоқот майдонига айланишига умид билдирган.
Қозоғистон Президентига кўра, диний вандализм ва тегишли давлатлар фуқароларининг масъулиятсиз хатти-ҳаракатлари ортаётгани давлатлар ва динларнинг умумэътироф этилган меъёрларига зид хатти-ҳаракатлари бир овоздан қораланиши керак. Тўқаев БМТ Бош Ассамблеяси мазкур воқеаларга изоҳ бериши кераклигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни Швецияда полициясининг рухсати билан акция ўтказилган ва унда Ироқдан келган 37 ёшли муҳожир Салван Момика Қуръон саҳифаларини йиртиб ташлаб, уни ёқиб юборганди. Бу ҳаракат кўпчилик томонидан, хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам қораланди. Салван Момика эса 20 июль куни яна Стокголм полициясининг рухсати билан Ироқ элчихонаси яқинида акция ўтқазди ва мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръон нусхасини тепди. Кейинчалик Дания пойтахти Копенгагендаги Ироқ элчихонаси олдида ҳам ўта миллатчи “Даниялик ватанпарварлар” гуруҳи вакиллари митинг ўтказиб, Қуръон китобини ёқиб юборди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь