Даниядаги Ироқ элчихонаси олдида Қуръон ёқиб юборилди
Олам
−
23 Июль 2023
24441Дания пойтахти Копенгагендаги Ироқ элчихонаси олдида ўта миллатчи “Даниялик ватанпарварлар” гуруҳи вакиллари митинг ўтказиб, Қуръон китобини ёқиб юборди. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.
Намойишчилар буни Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига яқинда уюштирилган ҳужумга норозилик сифатида уюштирганини айтган.
Копенгаген полициясига кўра, воқеа шу йилнинг 21 июль куни юз берган.
“Ҳеч қандай тергов бошланмайди, чунки ҳеч қандай жиноят содир бўлмаган. Бир киши, эҳтимол, бу одамга тегишли бўлган китобга ўт қўйди ва бу ноқонуний эмас. Қолаверса, бу расман қайд этилган намойиш эди”, дейди ҳуқуқ-тартибот идораси ходими.
Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг Даниядаги элчихонаси олдида Қуръон ва байроқни ёқилишини қоралаган.
“Вазирлик ўз фикрини билдириш ва намойиш ўтказиш эркинлиги контекстида кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган ушбу даҳшатли воқеаларни тергов қилишга тўлиқ содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади Ироқ ТИВ хабарида.
Маълумот учун, жорий йилнинг 20 июль куни Стокгольм полициясининг рухсати билан Ироқ элчихонаси яқинида акция бўлиб ўтди. Унда 37 ёшли ироқлик муҳожир Сальван Момика мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръон нусхасини тепди, шунингдек, кроссовкасини Ироқ миллий байроғи ва таниқли арбобларининг суратлари билан артди. Айтиш жоизки, у олдин ҳам Стокгольмда Қуръонни таҳқирлаган эди.
Шундан сўнг Эрон, Ироқ ва Ливанда намойишлар бўлиб ўтди. Ироқ пойтахти Бағдоддаги Швеция элчихонасига намойишчилар бостириб кирди, элчихона ходимлари эвакуация қилинди. Шунингдек, Ироқ Швеция элчисини мамлакатдан чиқариб юбориб, бундай ҳолат яна такрорланса, Швеция билан алоқаларини узишини маълум қилди.
Ливан ва Эрондаги норозилик чиқишлари эса нисбатан тинч ўтди. Теҳрондаги Швеция элчихонаси олдига йиғилган одамлар бинога тухум ва помидор улоқтириб, дипломатик миссия раҳбари Эрондан чиқиб кетмагунча ўша ердан кетмаслигини эълон қилди. Эрон ҳукумати эса Швеция элчисини мамлакатдан кетказиб юборди ва бундай ҳолат қайта такрорланса, дипломатик алоқалар узилишини билдирди.