Қашқадарёдаги тиббиёт бирлашмасида 800 млн сўм “туя қилинди”
3-саҳифа
−
25 Июль 2023
6026Қашқадарё вилояти Косон туманида туман тиббиёт бирлашмасининг биносини реконструкция қилишда 787,4 миллион сўм ўзлаштириб олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Косон туман бўлими томонидан ўтказилган текширувда “G.C.» хусусий корхонаси ҳамда Қашқадарё вилояти «Я.Б.Х.» ИК масъул шахслари туман тиббиёт бирлашмаси биносини реконструкция қилишда амалда бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини расмий ҳужжатларга қўшиб ёзиш орқали жами 787,4 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда она-бола мактаб директорлари бюджет маблағларини ўзлаштириб келгани аниқланганди. Тошкентда эса Адлия бошқармасининг собиқ ходимлари 900 миллион сўмни талон-торож қилганди. Шунингдек, Наманганда масъулияти чекланган жамият раҳбари 2 миллиард сўм кредит маблағини ўзлаштириб олгани фош қилинганди.