Қаршида қарийб 25 млрд сўмлик крипто-активларни айлантирган шахс ушланди
3-саҳифа
−
326 1 дақиқа
Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида яшовчи фуқаро лицензиясиз равишда Binance криптовалюта биржаси орқали 24,8 млрд сўмлик крипто-активларни ноқонуний сотиб олиш, ўтказиш ва айирбошлаш билан шуғуллангани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор тадбирлари доирасида аниқланган. Тезкор тадбир давомида фуқаронинг уяли алоқа воситаси холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб, кўздан кечирилган.
Текширувда фуқаро тегишли лицензия олмасдан, телефонига ўрнатилган Binance криптовалюта биржаси орқали электрон почта манзили ёрдамида жами 24 млрд 812 млн 815 минг 772 сўмлик криптоактивларни қонунга хилоф равишда сотиб олиш, ўтказиш ва айирбошлаш билан шуғуллангани маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ноқонуний даромадларни криптоактивларга айлантириб, уларнинг асл манбасини яширишга уринган уч нафар шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси