2,4 млрд сўмлик криптоайланма: Тошкентда яширин криптомарказ фош этилди
3-саҳифа
−
08:28 189 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида Европа давлатлари фуқароларини алдаб, уларнинг крипто-активларини ўзлаштириш билан шуғулланган 10 кишилик яширин онлайн колл-марказ аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик ойлиги доирасида ўтказилган тадбир давомида фош этилган. Пойтахт ИИББ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари Яшнобод тумани Хосиятли маҳалласидаги хонадонлардан бирида тезкор-қидирув тадбирини ўтказган.
Дастлабки маълумотларга кўра, гуруҳ аъзолари турли мессенжерлар орқали Европа давлатлари фуқаролари билан боғланиб, уларнинг ишончига кирган. Улар сохта ҳужжатлар тайёрлаш, трейдинг ва криптоактивлар бўйича таълим беришни таклиф қилган. Шундан сўнг фуқароларни алдаб, уларнинг крипто-активларини шахсий электрон ҳамёнларига ўтказиб, ўзлаштириб келган.
Тезкор тадбир давомида хонадондан 8 та ноутбук, 58 та телефон ва 3 та компьютер қурилмаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Шунингдек, гуруҳ аъзоларининг пойтахт ҳудудида вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан яшаб келгани аниқланган.
Қайд этилишича, улар 233 134 USDT, яъни қарийб 2 миллиард 432 миллион сўмлик криптоактивлар айланмаси билан қонунга хилоф равишда шуғулланган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида 165 миллион 322 минг сўмлик крипто-активларни ноқонуний ўтказиш ва айирбошлаш билан шуғулланган шахс аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси