Болалар ўйинчоғига “гашиш” яширган аёл қўлга олинди
Crime
−
08:37 134 2 minutes
Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 12 килограммга яқин “гашиш” гиёҳвандлик моддаси мусодара қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 17 ноябрь куни “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири доирасида Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ИИБ ходимлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Дастлабки тадбир Фарғона вилоятининг Данғара туманида ташкил этилган. Унда 1987 йилда туғилган, илгари наркожиноят содир этганлик учун судланган йирик наркосавдогар қўлга олинган. У харидорга Данғара туманидаги дала майдонида яширилган 11 килограмм “гашиш”нинг геолокациясини юбориб, гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида ушланган.
Аниқланишича, мазкур шахс бир неча йил давомида наркосавдо билан шуғулланиб, гиёҳвандлик воситаларини қўшни республикада яшовчи шериклари орқали олиб келган ва турли вилоятлардаги мижозларга тарқатган.
Тезкор тадбирлар Фарғона вилоятининг Боғдод туманида давом эттирилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари 1982 йилда туғилган фуқаронинг яшаш манзилини кўздан кечирган. Натижада хонадондан 50 грамм “гашиш” ва электрон тарози аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Суриштирув давомида ушбу гиёҳвандлик воситасини унга 1993 йилда туғилган аёл етказиб бергани маълум бўлган. Аёл Қўқон шаҳрида тўхтатилиб, ёнидаги буюмлар текширилганда, кийим-кечак солинган сумка ичидаги болалар ўйинчоғидан скотчга ўралган 533 грамм “гашиш” топилган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 12 килограммга яқин “гашиш” мусодара қилиниб, унинг 26 минг 200 дозаси аҳолига тарқатилишининг олди олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан наркосавдогарларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди ҳамда 246-моддаси (Контрабанда) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида яшовчи фуқаронинг хонадон том қисмидан 1 килограмм 205 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All