Марғилонда уйида қарийб 2 кг “марихуана” сақлаган шахс ушланди (видео)
Crime
−
15:38 677 1 minute
Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида фуқаронинг хонадонидан соф оғирлиги 1 килограмм 889 грамм бўлган “марихуана” топилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида шаҳарнинг Бобур маҳалласида ўтказилган тезкор-профилактик тадбир давомида аниқланган. Тадбир иштирокчилари фуқаронинг яшаш хонадонини кўздан кечирганида, қуритилган ўсимлик моддасини топиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйган.
Экспертиза хулосасига кўра, олиб қўйилган модда таркибида фаол гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлиб, унинг “марихуана” экани тасдиқланган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар Ички ишлар бўлими тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 2 килограмм “опий” экстракти, 550 грамм “гашиш” ва 100 грамм “мефедрон” мусодара қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All