Бухорода эркак ўзини пичоқ билан ўлдирмоқчи бўлди (видео)
Crime
−
12:10 996 1 minute
Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Бухоро шаҳрида ўзини пичоқ билан ўлдирмоқчи бўлган фуқаро ички ишлар органлари ходимлари томонидан зарарсизлантирилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Гулшан маҳалласида соат 13:10 ларда ҳудудда хизмат олиб бораётган патруль-пост хизмати инспекторларига номаълум шахснинг қўлида пичоқ билан юргани ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига етиб борган ходимлар қўлида ўткир тиғли жисм бўлган тажовузкор шахсга дуч келган.
Инспекторлар унга яқинлашмоқчи бўлганида, фуқаро ҳеч кимни ёнига йўлатмаслигини, акс ҳолда ўзига пичоқ уришини айтиб таҳдид қилган.
Ходимлар вазиятни кескинлаштирмасдан, фуқарони одамлар камроқ бўлган жойга олиб бориб, унинг диққатини чалғитган. Шундан сўнг, тезкор ҳаракатлар билан уни зарарсизлантириб, қўлидаги пичоқни олиб қўйишга муваффақ бўлган.
Қайд этилишича, ҳодиса давомида фуқаро ҳам, атрофдагилар ҳам жароҳат олмаган. Суриштирувда у Гулшан маҳалласида яшовчи, 1971 йилда туғилган ва вақтинча ишсиз фуқаро экани аниқланган.
Билдирилишича, ҳозирда фуқаро ҳудудий ички ишлар бўлимига олиб борилган. Ҳолат юзасидан тегишли профилактик ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Қува туманида эркак 8 метр ер учун одамларга пичоқ билан таҳдид қилганди.
Live
All