300 доллар эвазига далолатнома расмийлаштирмасликни ваъда қилган муҳандис қўлга тушди

3-саҳифа

−

visibility1338 timer2 дақиқа

image

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида электр ҳисоблагичи ноқонуний ўрнатилгани ҳақида далолатнома расмийлаштирмаслик ва бу ҳолатни электрон дастурга киритмаслик эвазига 300 доллар талаб қилган “Энергосавдо” филиали муҳандиси ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Косон тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Аниқланишича, “Энергосавдо” филиали Косон тумани бўлими муҳандиси А.Э. фуқаро С.Б.нинг “Аралиқ” МФЙ ҳудудидаги хонадонига ўрнатилган электр ҳисоблагичи ноқонуний эканини айтиб, бу ҳақда далолатнома расмийлаштирмаслик ва маълумотларни электрон дастурга киритмаслик учун 300 АҚШ доллари талаб қилган. Бунинг эвазига юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали масалани ҳал қилиб беришини ваъда қилган.

Ушбу пулнинг 100 долларини олдиндан қўлга киритган муҳандис қолган 200 долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида “Фарғона сув таъминоти” АЖ ходими 2 млн сўм эвазига ноқонуний фойдаланилган 8,4 млн сўмлик ичимлик суви бўйича далолатномани йўқ қилиб беришни ваъда қилиб, пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг