Италияда Россия олигархларининг €140 млнлик мулкларини мусодара қилиш бошланди
Олам
−
05 Март 2022
5444Италия Ташқи ишлар вазири Луиджи Ди Майо “рус олигархлари”нинг 140 миллион евролик активларини мусодара қилиш жараёни бошланганини маълум қилди. Ҳукуматнинг хабар беришича, бу “Северсталь”нинг асосий эгаси Алексей Мордашовнинг 65 миллион евролик яхтасига таъсир қилган. ОАВ хабарларига кўра, “Volga Group” эгасининг яхтаси Геннадий Тимченко ҳам ҳибсга олинган.
“Италия россиялик олигархларнинг 140 миллион еврога яқин мол-мулкини мусодара қилиш бўйича операцияларни бошлади. Булар Путиннинг атрофидаги санкциялардан жуда кўп жабр кўраётган одамлар, чунки бу уни ҳужумни давом эттириш ўрнига, ўйлашга мажбур қилишнинг ягона йўли”, деган Луиджи Ди Майо Rai 2.
Италия Бош вазирининг ОАВ билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси Фердинандо Жулиано Twitter’да жаноб Мордашовнинг Lady M яхтаси ҳибсга олинганини, у Империя шаҳрида сақланаётганини айтган. Унинг қайд этишича, бу қарор санкциялар билан боғлиқ.
“La Reppublica” жаноб Тимченконинг Lena яхтаси ҳибсга олингани ҳақида ёзган. Газета шунингдек, Лаццарески виллари ҳам ҳибсга олингани ҳақида ҳам хабар берган. Маълумотларга кўра, у Давлат Думаси собиқ депутати Олег Савченкога тегишли.
Аввалроқ Франция ҳукумати “Роснефть” раҳбари Игорь Сечинга тегишли Amore Vero яхтасини мусодара қилгани ҳақида хабар бергандик. Шунингдек, миллиардер Алишер Усмоновнинг ҳам Dilbar яхтаси Германияда мусодара қилингани айтилди. Бироқ бу маълумот кейинроқ рад этилди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси