“Геноцид эмас”. Макрон Байденнинг айбловига қўшилмади
Олам
−
13 Апрель 2022
16318Франция Президенти Эммануэль Макрон Россиянинг Украинага қарши урушини “геноцид” деб аташдан бош тортди. Бу ҳақда у “France 2”га берган интервьюсида айтган.
Шу билан бирга, Макрон украинлар ва русларни “биродарлар” деб атаган.
“Бугун мен бундай атамалардан эҳтиёт бўлган бўлардим, чунки бу икки халқ [руслар ва украинлар] биродардирлар. Мен имкон қадар бу урушни тўхтатиш ва тинчликни тиклаш учун ҳаракат қилишни хоҳлайман. Риториканинг кучайиши шу мақсадга хизмат қилишига ишончим комил эмас”, деган у.
Макрон Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини ҳарбий жиноят деб атаган, шунингдек, “вазият қабул қилиб бўлмас” эканини айтган.
“Биз ҳарбий жиноятлар шароитида яшаяпмиз”, дея қўшимча қилган Франция Президенти.
Шунингдек, у ушбу жиноятлар учун жазоланадиганларни топишга чақирди.
“Россия бир томонлама тарзда ўта шафқатсиз уруш бошлади, Россия армияси ҳарбий жиноятлар содир этгани аниқланди, энди биз айбдорларни топишимиз керак”, дея хулоса қилган Макрон.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путин Украинада геноцид содир этаётганини айтганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси