Фаоллар КХШТ Қозоғистон орқали Қирғизистонга киришидан хавотирда 

Олам

image

Қирғизистонлик бир гуруҳ фаоллар бугун, 6 январь куни Жогорку Кенеш (парламент) биноси олдида йиғилиб, қонун чиқарувчи органдан КХШТнинг Қозоғистонга қўшин киритиш қарорига вето қўйишни талаб қилди. 

Таъкидланишича, акцияда иштирок этган “Ислоҳот” партияси раҳбари Клара Соронқулова Қозоғистонга ҳарбий хизматчилар юборилишига қарши чиққан. 

“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қозоғистонга ташқи аралашув бўйича қарор қабул қилгани йўқ. Демак, йирик давлатлар — КХШТ аъзоларининг мақсади бошқача. Қозоғистонга кириб келаётган давлат эртага бизнинг юртимизга киради. Бу сиёсат шу йўналишда ҳаракат қилмоқда”, деган у. 

Ўз навбатида фаол Азиза Абдурасулова қозоқ халқи ташқи аралашувга қарши эканини таъкидлаган. 

Қайд этилишича, мамлакат Вазирлар Маҳкамаси баёнот қабул қилиб, унда Қирғизистон халқига ушбу қарорга тўлиқ тушуниш ва масъулият билан ёндашишни сўраб мурожаат қилган. 

“Қозоғистон Республикасининг яқин қўшниси ва стратегик иттифоқчиси сифатида Қирғизистон Республикаси ўзининг қонуний органларининг ёрдам чақирувини рад этишга ҳақли эмас ва КХШТ доирасидаги мажбуриятларини зарур даражада бажаради”, дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, эртага, 7 январь куни Қирғизистон парламенти Қозоғистонга ҳарбий хизматчилар юбориш масаласини муҳокама қилиш учун навбатдан ташқари йиғилиш ўтказади.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

КХШТ Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

431

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг