Эрдўған Туркияда ўтказилаётган митингларни “кўча террори” деб атади
Олам
−
22 Март
3388Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатда Истанбул шаҳри ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан бошланган намойишлар бўйича баёнот бериб, давлат “кўча террорига” таслим бўлмаслигини таъкидлади ва Туркиянинг “кўчадан топиб олинмаганини” айтди. Бу ҳақда у кеча, 21 март куни Истанбулдаги Ҳалич конгресс марказида сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, мухолифат Туркия халқининг барқарорлигига таҳдид солмоқда, уни норозилик намойишларига чорлаяпти, бу эса полициячиларнинг жароҳат олишига сабаб бўлмоқда. Маълумки, мухолифат етакчиси Ўзғур Ўзел митинглар давом этишини эълон қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларини қурол ва газ баллонларидан фойдаланмасликка чақирди. Мамлакат Президенти Эрдўған эса ҳукумат мамлакатдаги кўча тартибсизликларини эътиборсиз қолдирмаслигини айтди.
“Маргинал гуруҳларнинг ортидан эргашиш, полициямизга ҳужум қилиш, судьяларимиз ва прокурорларимизга таҳдид қилиш, демократия ва миллий ирода билан ўйнаш ҳамда ноқонуний ва нодемократик воситаларга мурожаат қилиш билан бу мамлакатда ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Туркия – кўчадан топилган давлат эмас. Туркия кўча террорига таслим бўлмайди”, деди у.
Эрдўған, шунингдек, ҳукумат “Туркияни террор қилишга уринишлар” ва мамлакат барқарорлигини бузишга қаратилган ҳаракатларга тоқат қилмаслигини билдирган. Унга кўра, митингларга чақириқлар “умидсиз йўл” бўлиб, бундай ҳаракатлар қонунга зид. Намойишлар баҳонасида коррупцион схемалар ва талон-торожни яширишга уринишлар содир бўлмоқда.
Мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси раҳбари Ўзғур Ўзел мухолифат намойишларни давом эттиришини билдирган ва ҳуқуқ-тартибот органларини намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ ва қуроллардан фойдаланмасликка чақирган. Маҳаллий ОАВга кўра, полиция намойишларни бостиришда ҳатто резина ўқлардан фойдаланган, аммо ҳукумат бундай айбловларни инкор этмоқда. Митинглар давомида бир неча намойишчилар тиббий ёрдамга муҳтож бўлган, 16 нафар полициячи эса жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 март куни Жумҳурият халқ партияси етакчиси Ўзғур Ўзел бутун Туркия аҳолисини ифторликдан сўнг, кўчага чиқишга ва намойишлар ўтказишга чақирганди. Экрем Имомўғли эса ўзига қўйилган барча айбловларни рад этди.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши
19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.
Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.
Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши эканини маълум қилган.
Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.
LiveБарчаси