Имомўғли барча айбловларни рад этди

Олам

image

Коррупция ва терроризм иши бўйича ҳибсга олинган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ўзига қўйилган барча айбловларни рад этди. Бу ҳақда “Türkiye Gazetesi” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, жиноий гуруҳ ташкил этиш, давлат харидларида қонунбузарлик, пул ювиш ва комиссиялар, сохта тендерлар, порахўрлик, қурилиш соҳасидаги ноқонуний даромад, коррупция йўли билан мулк орттириш каби айбловлар билан тергов қилинаётган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли мазкур айбловларнинг барчасини рад этган. Энди бугун, 22 март куни у суд биносига олиб борилади ва суд қаршисида жавоб бериши керак.

NTV телеканали маълумотларига кўра, у Истанбул полициясининг 88-бўлимида сўроқ қилинган. Иш бўйича гувоҳлик берган Жумҳурият халқ партияси вакиллари бу жараённи сиёсий босим деб атамоқда. Терговнинг асосий эътибори Истанбул шаҳар ҳокимлигининг 2019 йилги харидлари билан боғлиқ. Айбловлар ҳокимият биноси олди-сотдиси ҳамда шубҳали молиявий операциялар атрофида шаклланган.

“Махфий касса” ва шубҳали шахслар

Терговда Адем Сойтекин, Ҳусейн Кўксал ва Али Нуҳўғли исмли шахслар “махфий касса” вазифасини бажаргани, уларнинг молиявий операцияларда шубҳали роль ўйнагани таъкидланмоқда. Айтилишича, Адем Сойтекин İmamoğlu İnşaat компаниясида оддий ишчи сифатида рўйхатдан ўтган бўлса-да, ҳокимиятга келганидан кейин ноқонуний молиявий операцияларда иштирок этган. Бундан ташқари, компаниянинг 8 та кўчмас мулки ҳеч қандай тўловларсиз Сойтекинга ўтказилган. 

Шунингдек, Истанбул шаҳар ҳокимиятининг айрим компанияларга пул ўтказиш эвазига 10-20 фоиз миқдорида пора олгани, айрим тадбиркорлар шаҳар ҳокимияти таркибидаги ширкатлар орқали пора эвазига шартномалар олгани айтилмоқда. Бундан ташқари, Kültür A.Ş билан ишлаган тадбиркорлар шубҳали молиявий операцияларда қатнашгани, Ҳусейн Кўксал номига 130 миллион лиралик номаълум пул ўтказилгани ва ундан 50 миллион лираси İmamoğlu İnşaat'га кўчмас мулк сотиб олиш учун йўналтирилгани иддао қилинмоқда.

Истанбул шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати раҳбари Мурат Онгун эса ҳокимиятга қарашли Media A.Ş орқали ноқонуний даромад орттирганликда гумон қилинмоқда. 20 та компания билан тузилган 170 та шартномада қонунбузарликлар аниқланган.

Мазкур иш бўйича 12 нафар гувоҳ тергов жараёнида иштирок этмоқда. MASAK (Молиявий жиноятлар бўйича расмий идора) тергов ҳужжатларини текшириш учун ўз ҳисоботларини киритган.

Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши

19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.

Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.

Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши эканини маълум қилган.

Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия Экрем Имомўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг