Вазият таранг: Мухолифат етакчиси бутун Туркияни намойишларга чиқишга чақирди
Олам
−
21 Март
9812Жумҳурият халқ партияси етакчиси Ўзғур Ўзел бугун, 21 март куни бутун Туркия аҳолисини ифторликдан сўнг, кўчага чиқишга ва намойишлар ўтказишга чақирди. У бу ҳақда Бейликдузу муниципалитетида баёнот берди.
“Соат 20:30 да ифтордан кейин 81 вилоят ва 973 туманда ўтказадиган катта митинглар, майдонлар ва кўчаларга бутун Туркияни таклиф қиламан”, деди Ўзел.
У Туркия халқини кўчага чиқишга чорлар экан, аҳолига полицияга тегмаслик, уларга куч ишлатмасдан ҳаракат қилиш лозимлигини эслатди.
“Менда фақат битта огоҳлантириш бор. Ҳар қандай реакция ҳуқуқдир. Агар майдонга ноқонуний кириш буйруғи бўлса, полицияга ҳужум қилмасдан, унинг ёнидан ўтиб кетамиз. Лекин бирор полициячи ёки зобитга қасддан ҳужум қилиш, сув сепиш ёки калтаклаш бизнинг ишимиз эмас. Аммо бирор кимса қонунга зид равишда олдимизга тўсиқ ўрнатган бўлса, уни бузиб, милицияга зарар етказмасдан ўтиб кетинг”, деган Ўзел
Ўзел Бейликдузудаги мурожаатида Давлет Баҳчели ва Ички ишлар вазири Али Ерлиқоянинг “одамларни кўчага чақириш масъулиятсизликдир”, деган сўзларига жавоб қайтарди. У фуқароларни куйиш ёки йўқ қилиш учун эмас, балки қўлларни бирлаштириш, жанг қилиш учун эмас, балки болаларни ҳимоя қилиш учун чақираётганини иддао қилди.
“Мен миллионлаб одамларни демократик йўл билан кўчаларга чиқишга, ўн минглаб, юз минглаб, миллионлаб одамлар тимсолида тинч намойишлар билан демократик муносабатимизни кўрсатишга, конституциявий ҳуқуқимиздан фойдаланишга таклиф қиламан”, дея таъкидлаган ЖХП етакчиси.
У шунингдек, ўзи нутқ сўзлаётган Бейликдузу муниципалитетининг раҳбари ва айни дамда Имомўғли билан бирга ҳибсга олинган Мурат Челикнинг Ҳатайдаги зилзила пайтида кўрсатган жонбозликлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Бу ердан бутун Туркия эшитсин. Зилзила содир бўлганда, Ҳатайга бориш учун ҳокимларни чақирдик, Мурат Чалик телефонга жавоб берди ва "Ҳатайдаман" деди. У биринчи бўлиб Ҳатайга борди. Кейин нима қилди? Қўлида қалам билан нимадир чизди. Бу одам нима қилаётганини ҳеч биримиз тушунмадик. Кейин 400 та чодирнинг инфратузилмаси 3 кундан сўнг тайёр бўлди. Мен ўша чодир шаҳар 3 кун ичида 5 минг кишини қабул қилганини ва жуда қисқа вақтдан кейин ақл бовар қилмайдиган контейнер шаҳарга айланганини кўрдим. Бир бурчакда ўт ўчириш станцияси ва соғлиқни сақлаш маркази билан. Болалар боғчаси, мактаб ва психологлар билан. У ердаги ҳаммани уч-тўрт ҳафта овқат билан таъминлади. 3 ҳафтадан сўнг у ақл бовар қилмайдиган шаҳарни яратди”, деди Ўзғур Ўзел.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши
19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.
Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.
Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши қарши эканини маълум қилган.
Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.
LiveБарчаси