Эрдўған Путинга Зеленский билан Истанбулда гаплашиб олишни таклиф қилди 

Олам

image
0:00
0:00
download

Бугун, 1 апрель куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия раҳбари Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди

Қайд этилишича, икки давлат раҳбарлари Россия ва Украина делегациялари ўртасида яқинда Истанбулда бўлиб ўтган музокаралар натижаларини муҳокама қилган.

Эрдўған Путиннинг эътиборини “тинчлик бўйича умидини оширган” Истанбулда бўлиб ўтган Россия-Украина музокараларининг ижобий жиҳатлари ва конструктивлигига қаратган. Шунингдек, у томонлар позицияларида ақл-идрокни бўлиши ва мулоқотни давом эттириш муҳимлигини урғулаган.

Бундан ташқари, Эрдўған турк томони Россия ва Украина раҳбарлари ўртасида учрашув ташкил этишга тайёрлигини маълум қилган. 

Россия раҳбари, ўз навбатида, Истанбулда Россия ва Украина делегацияларининг учрашувини ташкил этгани учун Туркия Президентига миннатдорлик билдирган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 март куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Долмабахче саройида Россия-Украина делегацияларининг навбатдаги музокаралари бўлиб ўтди. Унда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам иштирок этди. Шуниси аҳамиятлики, ушбу учрашув 7 март куни Брестда ўтказилган музокаралардан кейинги илк юзма-юз мулоқотдир. 

Музокараларда Россия делегацияси раҳбари сифатида иштрок этган Россия Федерацияси Президенти ёрдамчиси Владимир Мединский кўра, Украина томони Москванинг нейтрал бўлиш, ядровий мамлакатга айланмаслик, бошқа мамлакатларнинг ҳарбий базаларини киритмаслик ва қўшилмаслик бўйича талабини бажариш юзасидан ёзма ҳужжат тақдим этган.

Учрашувдан кейин Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Россия ва Украина музокараларидан қониқмаганини билдирди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг