Эрдўған Путиндан кейин Зеленский билан гаплашиб олди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украина портларини тўсиб қўйиш ва дон экспортини қайта тиклаш ҳақида суҳбатлашди. Бу ҳақда Зеленский Тwitter’да маълум қилди.

“Биз Украина портларини блокдан чиқариш ва ғалла экспортини қайта тиклаш муҳимлигини муҳокама қилдик. Шунингдек, Россиянинг донимизни вақтинча оккупация қилинган ҳудудлардан экспорт қилишига тўсқинлик қилишимиз керак”, дейди Украина Президенти.

У Эрдўғанга Россия тажовузининг навбатдаги тинч қурбонлари муносабати билан таъзия йўллагани учун миннатдорлик билдирганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Украина Тупеччини қўллаб-қувватлаганини қадрлайди.

Туркия Президенти маъмурияти давлатлар раҳбарлари донни хавфсиз экспорт қилиши масаласида фикр алмашганини маълум қилди.

“Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Музокаралар чоғида Россия-Украина уруши ва Қора денгизда дон экспорти учун хавфсиз йўлакларни яратиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Туркиянинг энг катта орзуси Украинада тинчлик ўрнатилиши эканини тилга олган Эрдўған, Анқара, Украина дон маҳсулотларини жаҳон бозорига етказиб бериш учун БМТ томонидан тайёрланган режа устида ишлашни давом эттираётганини таъкидлади”, дейилади хабарда.

Украина ва Россия ўртасидаги ечим ҳар қандай ҳолатда ҳам дипломатия йўли билан бўлишини ва бунинг учун музокара столи очилиши кераклигини таъкидлаган Эрдўған ҳар турли ёрдамни беришга тайёрлигини билдирган.

Президент Эрдўған Зеленскийга Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган видеомурожаатида турк тилидаги байрам табриги учун ҳам миннатдорлик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 11 июль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Россия етакчиси Владимир Путин билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган. Асосий мавзулар орасида Украинадаги уруш ва ғалла экспорти учун денгиз йўлаги бор эди. Эрдўған суҳбат чоғида Путинга Қора денгизда дон экспорти учун хавфсиз йўлак яратиш бўйича БМТ режаси бўйича қадам ташлаш вақти келганини айтди.

Маълумот учун, 8 июнь куни Россия ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мавлуд Чавушўғли Анқарада бўлиб ўтган музокараларда “дон йўлаги” деб аталмиш йўлак яратиш масаласини муҳокама қилди. Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Киев ўз портларини миналардан тозаласа, Москва Украина донини олиб кетаётган кемаларнинг тўсиқсиз ўтишини кафолатлашини ҳамда Бердянск ва Мариуполь каби Россия назоратидаги портлар орқали товарлар экспортини таъминлай олишини айтган эди.

21 июнь куни Москвада Туркия ва Россия ҳарбий делегациялари ўртасида Украина донини экспорт қилиш учун хавфсиз йўлак яратиш масаласи бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги уларни ижобий ва конструктив деб атаб, маслаҳатлашувларни давом эттиришга қарор қилинганини қайд этди.

Туркия Президенти Тойиб Эрдўған НАТОнинг Мадриддаги саммитидан сўнг, Анқара Қора денгиз орқали олиб ўтиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта экспорт қилишга тайёрлигини маълум қилди. Унга кўра, Украина портларида Туркиянинг 20 га яқин савдо кемалари бор, улар юкни ташишга тайёр.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин Туркия-Украина

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг