Дунё АҚШ мағлубиятидан сўзламоқда. Афғонистон “Толибон”га қолдими?
Таҳлил
−
03 Июль 2021
28242Яқин Шарқ. 2020 йилнинг февраль ойи. Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида 20 йилдан бери бир-бирини хавф, деб билган АҚШ ва “Толибон” вакиллари қўл сиқишди. Ўша куни икки ўртада “Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича” келишув имзоланди. Орадан вақт ўтиши билан келишувни ҳаётга татбиқ этиш бошланди. Томонлар шартнома шартларини бажаришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ тинчликдан дарак йўқ. Сўнгги вақтларда Афғонистонда ҳарбий кескинлик ортган. Мамлакатда катта кучга эга бўлган “Толибон” эса фаоллашиб қолган: ҳарбий ҳаракатлар олиб бориб, Афғонистон туманларини бирин-кетин эгалламоқда. Бу эса ўз навбатида яна дунё ҳамжамияти ва қўшни давлатлар, шу жумладан Ўзбекистонни ҳам хавотирга солмоқда. Ўзи Афғонистонда нималар бўляпти? Қуйида ушбу саволга батафсил жавоб берамиз.
Доҳа конференцияси
2020 йилнинг 29 февраль куни Доҳа анжуманида АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва “Толибон” етакчисининг ўринбосари — ҳаракатнинг Қатар сиёсий идораси раҳбари мулла Абдул Ғани Бародар АҚШ ва “Толибон” ўртасидаги тинчлик битимини имзолади. Бугун биз кўриб турган Афғонистондаги ҳарбий кескинлик айнан шу битим билан боғлиқ. Демак, ушбу келишувга кўра, АҚШ 14 ой ичида ўзининг ва иттифоқчиларининг қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш, “Толибон” эса Афғонистон еридан АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига таҳдид қилиш учун фойдаланишга йўл қўймаслик мажбуриятларини олди.
АҚШнинг Афғонистон борасида қарори қатъий
АҚШнинг толиблар билан келишувга бориши ва Афғонистонни тарк этишга қарор қилиши катта шов-шувларга сабаб бўлди. Дастлаб, ушбу битим вақтинчалик ўйин, деб таърифланди. Бундай дейилишига эса асос ҳам бор эди. Гап шундаки, АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп ўз сайловолди кампаниясида Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқишга ваъда берганди ва президентлик муддати тугаши арафасида юқоридаги битим имзоланишига эришди. Бу билан Трамп АҚШ президентлиги учун кейинги сайловда ваъдасининг уддасидан чиқувчи номзод сифатида қатнашишни режалаштирганди.
Бугун кўриб турибмизки, АҚШнинг Афғонистон масаласида бундай жиддий қадам ташлаши шунчаки бир сиёсий шахс, масалан Трампнинг хоҳиш-истаги билан боғлиқ эмас. Чунки Трампдан кейин Оқ уйни эгаллаган Жо Байден Дональднинг кўплаб қарорлари ва сиёсий лойиҳаларини бекор қилган бўлса-да, Афғонистон масаласида экс Президентнинг йўлидан юрди. Байден ҳокимиятга келиши билан Доҳа битимида келтирилган шартларни бажаришга киришди. Океанортидан келаётган сигналларга қараганда, АҚШ қўшинларини олиб чиқиш қарори қатъий ва Афғонистондаги сиёсий вазиятнинг ўзгариши расмий Вашингтон қарорига таъсир қилмайди.
Дунё АҚШнинг мағлубиятидан сўзламоқда
АҚШ бошлиқ коалиция кучлари Афғонистонга 2001 йилнинг октябрь ойида кирган. Бунга 2001 йил 11 сентябрь куни Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракати сабаб бўлган. Кўриб турибмизки, Америка 20 йилдан буён Афғонистонда. Бу АҚШ тарихида энг узоқ давом этган уруш ва чет элда амалга оширилган ҳарбий операциядир. Бу давр мобайнида АҚШ ва унинг иттифоқчилари умумий ҳисобда 3,5 мингдан ортиқ қурбон берди. Бундан ташқари, америкалик солиқ тўловчиларнинг 2 триллион АҚШ доллари шу урушга сарфланди. Ушбу ресурслар қанчалик ўзини оқлади? Айнан ушбу саволга бериладиган жавоб АҚШ Афғонистондан мағлуб бўлиб чиқиб кетмоқда, деган хулосани беради.
АҚШнинг Афғонистонга киришдан учта мақсади бўлган:
• “Толибон” режимини ағдариш;
• Афғонистон ҳудудини толиблар таъсиридан озод қилиш;
• “Ал-Қоида” иштирокчиларини қўлга олиш ва суд қилиш.
Энди АҚШ ушбу қўйилган мақсадларга қанчалик эришганига назар соламиз:
• Тўғри, “Толибон” режими ағдарилди. Толиблар 1996-2001–йилларда ҳокимият тепасида турган. Бироқ, ҳалигача мамлакатда реал кучга эга;
• Афғонистон ҳудуди толиблар таъсиридан озод қилингани йўқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, мамлакатнинг 50-70 фоизи “Толибон”нинг назорати остида;
• 11 сентябрь терактининг ижрочиси – “Ал-Қоида” террорчилик ташкилоти раҳбари Усама бен Лоден Америка махсус кучлари томонидан 2011 йилда ўлдирилган. Биринчи рақамли террорчининг ўлдирилиши 20 йил давом этган урушнинг ягона муваффақияти бўлди. Бироқ шу ўринда қайд этиш керакки, “Ал-Қоида” Усама бен Лоден билан бирга ўлгани йўқ. Ушбу террорчилик ташкилоти ҳали ҳам мавжуд ва баъзи манбаларга кўра, улар ҳеч қачон толиблар билан алоқани узмаган.
АҚШ ва НАТО Афғонистонни тарк этмоқда
Жо Байден Оқ уйни Трампдан қабул қилиб олганда АҚШнинг Афғонистонда атиги 2,5 минг ҳарбий хизматчиси бор эди. Бу Америка Афғонистонга бостириб кираганидан бери энг паст кўрсаткичдир. АҚШнинг собиқ Президенти Обама даврида уларнинг сони 100 мингни ташкил қилган. 2011 йилда бен Лоден ўлдирилгач, қўшинлар сони ҳам камая бошлаган.
Жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан қолган қўшинларини ҳам олиб чиқа бошлади. Байден ушбу жараённи 11 сентябргача якунламоқчи. Унинг иттифқочилари ҳисобланган Италия ва Германия эса, аллақачон, барча қўшинларини олиб чиқиб кетишга улгурди.
АҚШсиз қолаётган Афғонистон
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” фаоллашиб, ўзининг сиёсий амбицияларини амалга ошириш йўлидан кетиб, бирин-кетин мамлакат районларини ўз назоратига олмоқда. НАТО кучларининг жамадонни йиғишни бошлаши билан толибларнинг ҳар томонга ҳужум қилиши Афғонистон ҳукумати учун оғир кунлар яқинлашаётганидан дарак бермоқда.
Вашингтондан умидини узмаган Афғонистон Президенти Ашраф Ғани жорий йилнинг июнь ойида АҚШ Президенти билан учрашди. Суҳбат давомида Байден расмий Кобулни қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонтириб, Ғанига кўп миқдорда молиявий ёрдам ваъда қилди. Шу ўринда қайд этиш керакки, 2002 йилдан бери Қўшма Штатлар Афғонистонга деярли 88 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам, 36 миллиард долларлик фуқаролик ёрдами ва 3,9 миллиард долларга яқин гуманитар ёрдам кўрсатган. Бу сумма келажакда яна 3 миллиардга ортиши кутилмоқда. Бироқ, қатор экспертлар келгусида АҚШ ҳарбий куч билан қўлга киритолмаган натижага молиявий ва дипломатик “ричаг”лар билан эришишига ишонмаяпти.
Фаоллашган “Толибон”
Қайд этиш керакки, АҚШ 1 май куни ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлаганидан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, июнь ойида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.
Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул чегара назорат пунктлари “Толибон” томонидан эгалланди. БМТ маълумотига кўра, улар 22 июнга қадар Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган.
Қўшнилар ҳам безовта
Афғонистондаги вазият ушбу мамлакат билан ўзаро чегарадош бўлган қўшни Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистонни хавотирга солмоқда. Афғон ҳарбийлари “Толибон” билан тўқнашувларда босимга чидай олмай, қўшни республикаларга қочиб ўтиши ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23-26-27—июнь кунлари уларнинг яна бир қисми Ўзбекистонга қочиб ўтган.
Ўз навбатида, Афғонистонга қўшни бўлган давлатлар ҳарбий салоҳиятини синовдан ўтказа бошлади. Масалан, Ўзбекистон 24 июнь куни Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округларида амалий машғулотлар ўтказди. Июнь ойининг сўнгги кунларида эса Ўзбекистон Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов қирувчи самолётда ҳаво кучларининг ҳарбий тайёргарлигини текширди. Бу борада Ўзбекистон ёлғиз эмас, жумладан Афғонистон билан қарийб минг километр умумий чегара эга бўлган Эрон ҳам қўшинларини кучайтириш чораларини кўриб қўйди. Расмий Теҳрон Афғонистон билан чегара ҳудудларига Т-72С, БМП-2 танклари ва бошқа зирҳли ҳарбий техника юборган.
Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари ва ушбу минтақага қизиқиши ҳамда таъсири бўлган давлат раҳбарлари Афғонистондаги ҳарбий кескинлик юзасидан ўзаро музокаралар ўтказди. Шу билан бирга, амалий ташрифлар ҳам бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали суҳбатда икки томонлама муносабатлар қаторида Афғонистондаги вазиятни ҳам муҳокама қилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонга Афғонистон Ташқи ишлари вазирлиги делегацияси ташриф буюрди. Ўз навбатида, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон террорчиларга қарши курашда Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Агар минтақадан ташқаридаги давлатлар ҳақида гап кетадиган бўлса, Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ҳам Афғонистондаги масалани муҳокама қилди.
“Толибон” ўз нимани хоҳлайди?
Ушбу саволга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов толиблар қурмоқчи бўлаётган Афғонистон ислом амирлиги давлати сайтидан иқтибос келтирди.
“Улар [толиблар] хорижий давлатлар қўшинларининг мамлакатни (Афғонистонни) тарк этишини истайди. Ташқи кучларнинг аралашувисиз мустақил ва суверен мамлакатни исташларини айтмоқдалар. “Биз ўз ҳудудимизнинг хорижий ҳарбий кучлар томонидан босиб олинишини истамаймиз. Биз аёллар, қизлар ва бошқаларнинг ҳуқуқларини кафолатламоқчимиз. Аёллар таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ишлашлари мумкин. Биз қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар ўрнатмоқчимиз ва ҳоказо”, дея Комилов толиблар нимани истаётганини санаб ўтган.
Шу ўринда қайд этиш керакки, жорий йилнинг июнь ойи охирида “Толибон” ҳаракатининг матбуот котиби баёнот билан чиқиб, шундай деганди:
“Бизнинг сиёсатимиз Кобул маъмурияти ва барча афғон томонлари билан тинчликка эришиш ҳисобланади. Ушбу сиёсат ўзгармади”, дейди “Толибон” вакили.
Тошкентда бўлиши кутилаётган анжуман
Жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражали халқаро анжуман бўлиб ўтади. Унда тахминан 14 дан ортиқ давлат делегациялари иштирок этади. Қайд этиш керакки, Афғонистон масаласи ҳам халқаро анжуман кун тартибидан ўрин олади.
LiveБарчаси