Эрон Афғонистон билан чегарага ҳарбий техника юбормоқда — ОАВ

Олам 14454
image

Хабарингиз бор, Афғонистонда ҳарбий вазият бўйича кескинлик ортган. “Толибон” АҚШ қўшинлари мамлакатни тарк этиши фонида фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бормоқда, бирин-кетин мамлакатнинг муҳим ҳудудларини эгалламоқда. Воқеаларнинг бундай ривож олиши Афғонистонга чегарадош бўлган давлатларни сергак тортишга мажбур қиляпти.

“Спутник” нашрининг ўз манбасига таяниб хабар беришича, Афғонистон билан деярли 1000 километр чегара ҳудудига эга бўлган Эрон ҳам мамлакат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда.   

Қайд этилишича, Эрон Афғонистон билан чегара ҳудудларига Т-72С, БМП-2 танклари ва бошқа зирҳли ҳарбий техника юборган. Бироқ бу борада расмий хабарлар мавжуд эмас.

“Шубҳасиз, чегарага қўшинларни қайта жойлаштириш Афғонистондаги “Толибон” ҳаракатининг фаоллашуви билан боғлиқ”, дея қайд этилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳам ҳарбий округларида қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича режага асосан амалий машғулотлар бошлаган. Бундан ташқари, республика 22 июнь куни Афғонистон билан чегарани вақтинча ёпган.

Фаоллашиб қолган “Толибон”

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 357
Рейтинг: 2.9
t
×