Ўзбекистон қўшинлари Термизда жанговар машғулотларни бошлади
Жамият
−
24 Июнь 2021
31284Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий округларида қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича режага асосан амалий машғулотлар бошланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Мудофаа вазири раҳбарлигида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округлари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари, Ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий қисм ва бўлинмаларида қўққисдан текширувлар бўлиб ўтмоқда. Бунда шахсий таркиб ва жанговар техникаларнинг шайлиги текширувдан ўтади.
Шунингдек, “Ангрен” ва “Термиз” умумқўшин дала майдонлари ҳудудида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонликлари тасарруфидаги ҳарбий қисм ва ҳамкорликдаги куч тузилмалари ўртасида ўзаро тажрибалар алмашиш ҳамда ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг амалий дала кўникмаларини такомиллаштириш мақсадида батальон тактик ўқувлари ўтказилиши кўзда тутилган.
Хабарга кўра, тактик ўқувлар давомида “Тревога” сигнали берилганда шахсий таркибнинг ҳаракатлари, белгиланган йўналиш бўйича ҳимояни кучайтириши, қўйилган жанговар ўқув вазифаларини сифатли бажариш борасидаги кўникмалари синовдан ўтказилади.
“Шартли душманнинг эҳтимолий жойлашган ҳудуди аниқланиб, кейинчалик улар томонидан олиб борилиши мумкин бўлган фаол ҳаракатларни бартараф этиш мақсадида улар жойлашган ҳудудларга авиация ҳамда артиллерия бўлинмаларининг куч ва воситалари ҳамда миномётчилар батареяси томонидан зарбалар берилади. Ўқув машғулотлари режага асосан ўтказиляпти”, дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилиши, давлат чегарасини бузганларга эса энг кескин чоралар кўрилишини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Афғонистон Ислом Республикаси билан чегара вақтинча ёпилиши ҳақида хабар берган.
LiveБарчаси