Чехия Киевга $152 млнлик ҳарбий ёрдам юборди

Олам 3645
image

Украинада уруш бошланганидан бери Прага Киевга умумий қиймати 3,5 миллиард крон (152 миллион доллар)дан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда Украина Давлат транспорт хизмати хабар берган. 

Қайд этилишича, ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган жойларда транспорт алоқаларини тиклаш учун Чехия Украинага 36 метрли иккита понтон кўприги жўнатган.

Чехия Мудофаа вазирлиги раҳбари Яна Чернохова ҳукумат яқин келажакда Украинага қиймати қарийб 8 миллион крон (347 минг доллар) бўлган кимёвий ҳимоя воситаларини жўнатишни режалаштираётганини айтган.

Айтиш жоизки, кўплаб Ғарб давлатлари, хусусан, Чехия Москванинг ҳаракатларини қоралаб, унга қарши санкциялар жорий этмоқда.

Май ойи ўрталарида Чехия Президенти Милош Земан мамлакатнинг 103 нафар фуқаросига Украина ҳарбийлари сафига қўшилиш имконини берувчи фармонни имзолаган эди. Аввалроқ, расмийлар Чехия пиёдаларининг жанговар машиналари ва Т-72 танклари Киевга топширилгани ҳақида ҳам хабар берган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 3
Рейтинг: 3.2
t
×