Бу стол тенниси эмас, уруш! – Зеленский яна ёрдам бермаётган Ғарбдан нолиди
Олам
−
09 Март 2022
13860Украина Президенти Владимир Зеленский Ғарбни Польша томонидан жанговар самолётларни топшириш бўйича қарорни кечиктирмасликни ва жавобгарликни бир-бирига юкламасликни сўради. Бу ҳақда у ўзининг навбатдаги мурожаатида сўз очган.
Зеленскийнинг урғулашича, агарда Украинанинг ўрнида Ғарбга дўст бошқа мамлакатлар бўлганда эди, бундай қарор бир неча соатлар ичида қабул қилинган бўларди.
“14 кун! Кенг қамровли шафқатсиз уруш. Халқимизга қарши террор. Шаҳарларни вайрон қилиш, бутун ҳудудларни қамал қилиш, тинимсиз портлашлар... 14 кун! Агар дўстларимизга ёрдам бериш керак бўлса, бир неча соат ичида шундай қарорга келган бўлардик”, дейди Украина Президенти.
Унга кўра, Украина Россия босқинининг биринчи куниданоқ ўз ҳамкорларидан мамлакат осмонини ёпишни, ёпмаган тақдирда, фалокатлар учун жавобгар бўлишини таъкидлаб келган.
“Кенг кўламли гуманитар фалокат. Россия тинч аҳолига, шаҳарларга, бизнинг инфратузилмамизга қарши ракеталар, самолётлар ва вертолётлардан фойдаланмоқда. Бунга жавоб бериш дунёнинг инсоний бурчидир. Лекин... Ечим йўқ”, дейди Зеленский.
Украина раҳбари сўзида давом этар экан, Польша раҳбариятига Украинага жанговар самолётлар беришга тайёрлиги учун миннатдорлик билдирган.
“Аслида бу техник муаммо. Буни ҳал қилиш керак. Дарҳол! Польшанинг самолётларни тегишли базага – Америка базасига ўтказиш бўйича расмий қарори бор. Шунингдек, Америка томони ва Польша келишувга эришгани ҳақидаги тасдиқимиз бор. Аммо Польшанинг таклифи асоссиз экани ҳақида ҳам эшитяпмиз. Бу ҳақда Вашингтонда гапиришмоқда. Хўш, қарор қачон қабул қилинади?”, дея Ғарбга юзланди давлат раҳбари.
Шунингдек, Зеленский гап уруш ва инсон ҳаёти ҳақида кетаётгани, шунинг учун муаммони тезлик билан ҳал қилиш ва масъулиятни бир-бирига юкламаслик кераклигини қайта-қайта таъкидлаган.
“Эшитинг: биз урушдамиз! Бу стол тенниси эмас. Гап инсон ҳаёти ҳақида кетмоқда! Яна бир бор буни тезда ҳал қилишингизни сўраймиз. Сансолар қилманг, бизга самолётларни юборинг", дейди Президент.
Аввалроқ ОАВда АҚШ ва Польшанинг Украинага ҳарбий самолётлар бериш масаласидаги позицияларидаги келишмовчиликлар ҳақида хабар берилган эди.
Варшава самолётларни Украина томонига тўғридан-тўғри эмас, балки АҚШнинг Германиядаги ҳарбий базаси орқали топширишни таклиф қилди.
Пентагон бунга жавобан АҚШнинг самолётларни Украинага топшириш жараёнида “иштирок этишига” қарши чиққан.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь