Бу – давлат тўнтариши мақсадида уюштирилган гибрид теракт – Қозоғистон Давлат котиби
Олам
−
10 Январь 2022
9733Қозоғистондаги тартибсизликлар беқарорлик ва ундан кейинги давлат тўнтаришига қаратилган гибрид терактдир. Бу ҳақда мамлакат Давлат котиби Ерлан Карин таъкидлади.
“Биз Қозоғистонда беқарорлик ва давлат тўнтариши мақсадида уюштирилган гибрид террор ҳужумига дуч келдик”, деган Карин “Хабар-24” телеканали эфирида.
Унга кўра, ҳужумлар ортида ким тургани ҳақидаги саволга якуний жавобни Қозоғистон махсус хизматлари беради.
Каринга кўра, КХШТ контингентининг жалб этилиши Қозоғистон расмийларига мамлакат яхлитлигини ҳимоя қилиш имконини берди.
“Ҳозир давлат яхлитлигини бузиш мақсадида вазиятни беқарорлаштириш ва издан чиқариш учун деярли барча воситалар арсеналидан фойдаланилди, мамлакатимиз бунга дош берди. Президентнинг қатъий ҳаракатлари, жумладан, КХШТ тинчликпарвар контингентини таклиф қилиш қарори беқарорлик режаларинини барбод қилди. Жуда кескин вазият бор эди, ҳисоблаш дақиқалаб, соатлаб давом этди, шунинг учун қаттиқ, ҳал қилувчи ҳаракатлар қилиш керак эди ва Президент уларни қабул қилди. КХШТ кучларининг иштироки бу барча беқарорлик режаларини барбод қилди. Тинчликпарвар контингентнинг саъй-ҳаракатлари туфайли кучларимизни тўғридан-тўғри аксилтеррор операциясини ўтказишга жамлаш мумкин бўлди ... бу давлат яхлитлигини ҳимоя қилиш имконини берди”, деган Карин.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
5 январь куни, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси