Боррель Ғарбнинг хатоларини санади 

Олам

image

Ғарб Украинага НАТОга аъзо бўлишини ваъда бериб, хатога йўл қўйди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель таъкидлаган. 

“Биз яхшироқ ишлашимиз мумкин бўлган лаҳзалар бор. Масалан, биз кафолат бера олмайдиган нарсамиз, хусусан, Украинанинг НАТОга киришини таклиф қилдик. Бу амалга оширилмади. Менимча, амалга оширишимиз мумкин бўлмаган ваъдаларни бериш хато бўлди”, деган у. 

Бундан ташқари, Европа дипломатияси раҳбари Ғарб Россия билан муносабатларни қуришда хатога йўл қўйганини тан олган. 

“Шундай қилиб, биз Россияни Ғарб билан яқинлаштириш имкониятидан маҳрум бўлдик”, деган Боррель.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 март куни Украина ЕИга аъзо бўлиш учун ариза берганди. Украинадан кейин худди шундай аризалар Грузия ва Молдова томонидан топширилган. 

11 март куни Версал (Франция)да Украинадаги вазият муҳокамасидан сўнг, Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари бирдамлик ва бу мамлакатни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Бироқ альянсга аъзо бўлиш учун номзод мақомини бериш бўйича қарор қабул қилинмади.  

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг