БМТ Россияга қарши яна бир ҳужжат қабул қилди
Олам
−
25 Март 2022
14713БМТ Бош Ассамблеяси Украинадаги гуманитар вазият бўйича Россияга қарши иккинчи резолюцияни қабул қилди.
Резолюция АҚШ, Украина, Буюк Британия, Грузия, Германия, Литва ва Латвия каби қатор давлатлар ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган. Ҳужжат Мексика ва Франция БМТ Хавфсизлик Кенгашида ўз резолюциясини қабул қила олмаганидан кейин тайёрланган.
Резолюцияни ёқлаб 140 давлат овоз берди, 38 давлат бетараф қолди, Беларусь, Эритрея, Шимолий Корея, Россия ва Сурия ҳужжатга қарши чиқди. Бетараф қолганлар орасида Арманистон, Жазоир, Хитой, Марказий Африка Республикаси, Куба, Эфиопия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мали, Никарагуа, Покистон, Жанубий Африка, Судан, Тожикистон, Ўзбекистон ва бошқа бир қатор давлатлар бор.
Дастлаб Хавфсизлик Кенгашида қабул қилиниши режалаштирилган гуманитар лойиҳа Россияни қораловчи сиёсий баҳоларни ўз ичига олганди ва шунинг учун Россия Федерацияси унга вето қўйиб, маъқулланишини имконсиз қилиб қўйди.
Бош Ассамблея томонидан қабул қилинган резолюция Россия Федерациясидан Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилади. Унда таъкидланишича, Россиянинг Украина ҳудудига ҳарбий ҳужуми ва унинг гуманитар оқибатлари халқаро ҳамжамият Европада ўнлаб йиллар давомида кўрмаган даражага етмоқда. Бундан ташқари, резолюцияда БМТ Бош Ассамблеясининг 2 мартда қабул қилинган резолюциясига риоя қилишга чақирилган. Унда Россияни Украинадаги урушни тўхтатишга ва ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирилган ҳамда Россия Федерациясининг ядровий кучларининг тайёргарлигини ошириш қарори қораланган.
Қабул қилинган резолюцияда БМТ Бош Ассамблеяси Украина шаҳарлари, хусусан, Мариуполнинг блокадага олиниши гуманитар вазиятни янада оғирлаштираётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош Ассамблеяси 2 март куни ҳам Украина бўйича резолюция қабул қилган эди. Унда Россиянинг ҳаракатлари қораланган.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Россиянинг Украина бўйича ишлаб чиққан резолюцияси ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгашида етарлича овоз ололмай, қабул қилинмади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси