Россия БМТдан рад жавобини олди

Олам

image

БМТ Хавфсизлик кенгаши кеча, 23 март куни Россия Федерациясининг Украинадаги вазият бўйича резолюция лойиҳасини қўллаб-қувватламади. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Россия ва Хитой лойиҳани ёқлаб, овоз берди, Хавфсизлик Кенгашининг бирорта аъзоси қарши овоз бермади, Кенгашнинг бошқа 13 аъзоси (Франция, Буюк Британия, АҚШ, Ҳиндистон, Ирландия, Кения, Мексика, Норвегия, Албания, Бразилия, Габон, Гана, БАА) бетараф қолгани айтилмоқда.

Резолюция қабул қилиниши учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзосидан камида тўққиз аъзоси (бешта доимий ва ўнта доимий бўлмаган аъзо) томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Шунда ҳам доимий аъзолардан бири вето ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

Украинадаги гуманитар вазият бўйича резолюция Франция ва Мексика ўз версияси бўйича келишишдан бош тортиб, кўриб чиқиш БМТ Бош Ассамблеясига учун тақдим этганидан кейин Россия томонидан тайёрланганди. Россия лойиҳасининг ҳаммуаллифлари Беларусь, Шимолий Корея ва Сурия эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

117

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг