“Бир-биримиздан бунчалик узоқлашиб кетамиз деб ўйламагандим”. Пеле Путинга хат ёзди

Спорт

image

Бразилиялик футболчи Пеле Россия Президенти Владимир Путинга очиқ хат йўллаб, Украинадаги  босқинни тўхтатишга чақирди. У ўзининг мактубини Instagram’даги саҳифасига жойлади.

Пеле ўз постини Жаҳон Чемпионати-2022 плей-офф босқичининг (3:1) ярим финалида курашаётган Украина ва Шотландия ўртасидаги ўйин олдидан эълон қилди.

“Владимир Путин, Украина терма жамоаси камида 90 дақиқа ўз мамлакатини қамраб олган фожиани унутишга ҳаракат қилмоқда. Жаҳон Чемпионатига чиқиш жуда қийин вазифа. Кўплаб одамларнинг ҳаёти хавф остида қолаётган вазиятда бу деярли имконсизга айланади.

Мен ушбу ўйиндан илтимос қилиш имконияти сифатида фойдаланмоқчиман: буни тўхтатинг! Давом этаётган зўравонликларни мутлақо оқлаб бўлмайди.
 
Бу тўқнашув шафқатсиз, асоссиз ва оғриқ, қўрқув, даҳшат, азобдан бошқа ҳеч нарса келтирмайди. Буни давом эттириш учун ҳеч қандай сабаб йўқ.

Аввалроқ учрашган вақтимизда, бир-биримизга табассум билан узоқ вақт қўл бериб кўришганимизда, бир-биримиздан бунчалик узоқлашиб кетамиз деб ўйламагандим. Қуролли тўқнашувлар фақат халқларни бир-биридан ажратиш учунгина мавжуд. 

Мен ўз халқи хавфсизлиги учун ваҳшийликларни тарғиб қилган умуртқасиз раҳбарларни эшитган ва урушларни кўрган саксон йилни яшадим. 

Бу урушни тўхтатиш сизнинг қўлингизда. 2017 йил Москвадаги сўнгги учрашувимиз вақтида мен кўришган ўша қўлларда”, деб ёзади собиқ футболчи.

Маълумот ўрнида, Пеле футбол бўйича ягона уч карра Жаҳон чемпиони (1958, 1962, 1970). У Бразилия терма жамоаси сафида 92 та ўйин ўтказиб, 77 та гол урган. Пеле Халқаро футбол федерацияси талқинига кўра, ХХ асрнинг энг яхши футболчиси деб тан олинган. Форвард Бразилиянинг “Сантос” (1956-1974) ва Американинг “Нью-Йорк Космос” (1975-1977) клубларида ўйнаган. Бразилиялик футболчи фаолиятидаги 1279 та гол муаллифи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Аввалроқ, Мюнхеннинг “Бавария” клуби футболчиси Томас Мюллер Украинадаги вазият ҳақида фикр билдириб, урушни тўхтатишни сўраган эди.

“Уч ой олдин биз Киевда ўйнагандик. Нима бўлаётганига ҳалигача ишонмаяпман”, деб ёзганди у ўзининг Instagram’даги саҳифасида.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Пеле Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

189

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг