Байден НАТО Украинадаги урушга қачон аралашишини айтди
Олам
−
25 Март 2022
25474АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари Россия Украинада кимёвий қурол ишлатса, жавоб қайтаради. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден маълум қилди.
“Бизнинг жавобимиз характери [кимёвий қуролдан – таҳр.] фойдаланиш характерига боғлиқ бўлади”, деган Байден НАТОнинг навбатдан ташқари саммити ўтказилган Брюсселдаги матбуот анжуманида.
Аввалроқ Байден Россия расмийлари кимёвий ва биологик қуролдан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқаётганини, шунинг учун АҚШ ва Украинани шундай қуролларга эгалик қилишда айблаётганини айтганди. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков бу баёнотларни ғаразли иғволар деб атади ва Байденнинг жазаваси тутганини айтди.
Кеча, 24 март куни НАТОнинг навбатдан ташқари саммитидан кейин альянс Бош котиби Йенс Столтенберг ташкилот Украинага қўшин юбормаслигини, аммо уни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Шунингдек, саммитда НАТОнинг шарқий қанотига 40 минг аскар жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь