Байден Киевга ваъда қилган пулларнинг бир қисмини Украинага юборади

Олам 3265
image

Америка Қўшма Штатлари Украинага бюджет харажатларини молиялаштириш учун 7,5 миллиард доллар ёрдам беради. Бу ҳақда мамлакатнинг Киевдаги элчиси Брижит Бринк маълум қилди.

“Мен Денис Шмигаль [Украина Бош вазири] билан ҳамкорликда Украинани Россия агрессиясидан ҳимоя қилишда ёрдам бериш ва мамлакатнинг барқарорлиги ҳамда тикланишини қўллаб-қувватлашни интиқлик билан кутаман. 7,5 миллиард долларлик тўғридан-тўғри бюджет ёрдами билан биз Украина кучли бўлишини таъминлаймиз”, деб ёзади АҚШ элчиси. 

Кеча, 9 июнь куни АҚШ элчиси расмий Вашингтон ажратган қарийб 40 млрд долларлик ёрдамдан 1 млрд доллари аллақачон Украинага етказилганини айтди. У АҚШнинг Украинага яна 7,5 миллиард долларлик ёрдам кўрсатиши кутилаётганини қўшимча қилганди, бироқ бу маблағлар нимага ишлатилиши айтилмаган.

Май ойида АҚШ Президенти Жо Байден Украинага қўшимча 40 миллиард долларлик қўшимча ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунни имзолади.Ушбу маблағнинг тахминан 20 миллиард доллари тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдамга йўналтирилиши кутилмоқда.

Украина Бош вазири апрель ойида қисқа муддатда Украина ойига 4-5 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдамга муҳтожлигини айтган эди. Украина Молия вазири Сергей Марченко май ойида Украина бюджети даромадларининг атиги учдан бир қисми ўз манбаларидан, қолган қисми эса хорижий грантлар ва кредитлар ҳисобидан келганини айтди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2
Рейтинг: 3
t
×