Арманистон Президенти Қорабоғ бўйича сулҳга қарши чиқди

Олам 12052
image

Маълумки, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия Федерацияси Президент Владимир Путин, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғ можароли зонасида ўт очишни тўхтатиш ва эгаллаб олинган ҳудудларни ўзаро алмашиш бўйича баёнотни имзолаган эдилар. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ушбу баёнот ҳақида Президент Армен Саркисянни бохабар қилмаган. Президент ҳужжат имзолангани ҳақида бошқалар қатори ОАВдан эшитганини айтмоқда. 

Парламент ва парламентдан ташқари кучлар билан сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттирган ҳолда, Арманистон Республикаси Президенти Армен Саркисян Миллий Мажлиснинг “Менинг қадамим” парламент фракцияси вакиллари билан учрашиб, мамлакатдаги вазиятни муҳокама қилди ва Тоғли Қорабоғ бўйича уч томонлама ҳужжатга муносабат билдирди. 

Унинг қайд этишича, Россия, Озарбайжон ва Арманистон томонидан имзоланган ҳужжат Тоғли Қорабоғнинг якуний мақомини белгиламайди. У ЕХҲТнинг Минск гуруҳи имкон қадар тезроқ иш бошлаши кераклигини айтди. 

“Бу Минск жараёни эмас, бу уч томонлама баёнот, сулҳдир. Арцах (таҳр. – тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси)нинг якуний мақомини ҳал қилиш бўйича ваколат эга Франция, АҚШ ва Россия ҳамраислигидаги Минск жараёнига қайтиш учун дарҳол зарур чора-тадбирлар кўрилиши керак”, дейди Саркисян.

Маълумот ўрнида, Қорабоғдаги можаро 1988 йилда, Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Озарбайжон ССР таркибидан чиқишини эълон қилганида бошланган. 1992-1994 йиллардаги қуролли тўқнашув пайтида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ва унга қўшни етти вилоят устидан назоратни йўқотди. 1992 йилдан бери низони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича учта ҳамраис – Россия, АҚШ ва Франция раҳбарлигидаги Минск гуруҳи доирасида музокаралар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Қорабоғ можароли зонасида яна қуролли тўқнашувлар бошлангандан кейин кўплаб мамлакатлар томонларни оғир-вазмин бўлишга, масалани Минск жараёнида ҳал қилишга чақирди. Биргина Туркия энди бу муаммони қуролсиз ечишнинг йўли йўқлигини, Минск гуруҳи 30 йилдан буён Озарбайжоннинг ерлари босиб олинишига томошабин бўлиб келаётганини айтди

Тоғли Қорабоғ можароси

Тоғли Қорабоғда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги навбатдаги қуролли тўқнашув жорий йилнинг 27 сентябрь куни бошланганди. Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилди.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар.

Томонлар уч марта сулҳ тузди. Аммо уларнинг ҳеч бири муваффақиятли бўлмади.

Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги муҳим аҳамиятга эга Шуша шаҳрини озод қилиши билан ҳарбий ҳаракатларда туб бурилиш ясалди. Эндиликда Озарбайжон ҳарбийлари тўғридан-тўғри тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг маъмурий маркази Хонканди (Степанакерт)га ҳужум қилиши мумкин бўлиб қолди.

Орадан кўп ўтмай эса томонлар Россия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича сулҳга эришди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та туманни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.

Шунингдек, Қорабоғга Россия тинчликпарвар кучлари киритилади. Улар Арманистон ва Тоғли Қорабоғни боғловчи йўлакка жойлаштирилади. Расмий Баку тез орада назоратига ўтувчи Лочин тумани ҳудудида барпо қилинадиган йўлакдан ҳар икки томон фуқаролари хавфсиз ўтишини таъминлашга ваъда берди.

Фаррухжон Муродқулов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 198
Рейтинг: 2.9
t
×