“Арқадағ”нинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди

Жамият

image

Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Самарқанд шаҳрига ташрифи бугун, 24 апрель куни якунланди. Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди.

Икки кунлик ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва олий мартабали меҳмон икки томонлама музокаралар ўтказди, “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуаси ва "Замонлар садоси" кўргазмаси билан танишди.

Туркман халқининг миллий етакчисини Ўзбекистон Республикасининг "Олий Даражали Дўстлик" ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ташриф тадбирлари якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди.

Маълумот учун, олдинроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тўнғич қизи Огулжаҳон Отабоева билан ҳам учрашганди. Улар биргаликда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва Самарқанд шаҳридаги инклюзив таълим марказида бўлиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини қўллаб-қувватлаш, таълим олиш имкониятидан тенг фойдаланиш учун шароит яратиш ишлари билан танишган. Шунингдек, Саида Мирзиёева Гурбангули Бердимуҳамедовни бугун, 24 апрель куни Самарқандда “Олий Даражали Дўстлик” орденини қабул қилиб олгани билан табриклади.

Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистонга борганди. Туркистон аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кутиб олди. Улар биргаликда туркий дунёнинг энг буюк маънавий, тарихий ва маданий қадамжоларидан бири – UNESCO'нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилди. 22 апрель куни Қосим-Жомарт Тўқаев Гурбангули Бердимуҳамедов билан норасмий учрашув ўтказди. Газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Қозоғистоннинг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда Галкиниш конини ўзлаштириш лойиҳасида иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг, Туркман халқининг миллий етакчиси Қирғизистонинг Чўлпон-Ота вилоятига борди. Уни аэропортда Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров кутиб олди. Жапаров Бердимуҳамедовни қирғизча меҳмон қилди.

Кеча, 23 апрель Жапаров Чўлпон-Ота шаҳрида Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди. Кейин эса етакчиларга Иссиқкўл вилоятидаги Бактуу-Долоноту қишлоғидаги ипподромда қирғиз миллий от спорти ўйинлари – “Жорго салиш” ва “Кўк бору” тақдим этилди. Маданий дастур якунида Президент Садир Жапаров фахрий меҳмонни Иссиқкўл халқаро аэропортигача кузатиб қўйди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг