Саида Мирзиёева “Арқадағ”ни табриклади

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовни бугун, 24 апрель куни Самарқандда “Олий Даражали Дўстлик” орденини қабул қилиб олгани билан табриклади. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзди.

Саида Мирзиёева Гурбангули Бердимуҳамедовга “Олий Даражали Дўстлик” орденини тантанали топшириш маросимида қатнашгани у учун катта шараф эканини билдирган.

“Маросимда Президентимиз таъкидлаганидек, Гурбангули Маликгулиевич қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга беқиёс шахсий ҳисса қўшганлар.

Ушбу олий мукофот билан чин дилдан муборакбод этамиз ва Ўзбекистонга ташрифингиз билан самимий қутлаймиз!” деб ёзди Саида Мирзиёева. 

Президент ёрдамчиси бугун Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тўнғич қизи Огулжаҳон Отабоева билан ҳам учрашди. Улар биргаликда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва Самарқанд шаҳридаги инклюзив таълим марказида бўлиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини қўллаб-қувватлаш, таълим олиш имкониятидан тенг фойдаланиш учун шароит яратиш ишлари билан танишган.

Маълумот учун, Гурбангули Бердимуҳамедов кеча, 23 апрель куни ташриф билан Самарқандга келди. Тантанали равишда икки мамлакат байроқлари билан безатилган Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Самарқанд шаҳридаги тадбирлар доирасида Мирзиёев ва Бердимуҳамедов биргаликда Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат кўрсатди. Шундан сўнг, етакчилар биргаликда “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғи ҳудудида ташкил этилган маданий тадбирларда иштирок этди. Бугун, 24 апрель куни Самарқанд шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг музокаралари бўлиб ўтди. Шундан сўнг, Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – "Олий Даражали Дўстлик" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев мукофотни топширар экан, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қардош мамлакатлар ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги улкан хизматларини алоҳида қайд этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Гурбангули Бердимуҳамедов Саида Мирзиёева Туркманистон Огулжаҳон Отабоева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг