Алишер Усмонов ўзига нисбатан санкцияларга муносабат билдирди
Олам
−
02 Март 2022
31472Аввалроқ, Европа Иттифоқи USM холдинг асосчиси, россиялик тадбиркор Алишер Усмоновга нисбатан санкциялар жорий этишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик. Россиялик миллиардер бу борада ўз фикрларини билдирди.
“28 февраль куни Европа Иттифоқи менга нисбатан санкцияларни жорий қилди. Буни адолатсиз қарор деб биламан ва санкцияларни оқлайдиган сабаблар менинг шаъним, қадр-қимматим ҳамда ишчанлик обрў-эътиборимни камситувчи ёлғон айбловлардир. Мен ўз шаъним ва обрўйимни ҳимоя қилиш учун барча қонуний воситалардан фойдаланаман”, дейди Алишер Усмонов баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи Россия Президенти Владимир Путинга яқин ҳисобланган миллиардерларга санкция жорий қилганди. Улар орасига “Роснефть” раҳбари Игорь Сечин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ва бошқалар кирган.
Европа Иттифоқининг санкциялар ҳужжатида айтилишича, Усмонов Кремлни қўллаб-қувватловчи олигарх, айниқса, Россия Президенти Владимир Путинга яқин инсон ҳисобланади.
“Уни Владимир Путиннинг севимли олигархларидан бири деб аташади. У молиявий оқимларни таъминлаш ишониб топширилган россиялик ишбилармон-амалдорлардан бири ҳисобланади, аммо уларнинг позицияси Президентнинг хоҳишига боғлиқ. Шу билан бирга, у Қримнинг аннекция қилиниши ва Украинадаги беқарорлик учун масъул бўлган россиялик қарор қабул қилувчиларни моддий ёки молиявий жиҳатдан фаол қўллаб-қувватлаган”, дейилади ЕИ баёнотида.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь