АҚШ Россия Винницада ҳарбийларни нишонга олмаганини айтди
Олам
−
16 Июль 2022
9839АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали мулозими Россия жорий йилнинг 14 июль куни рус қўшинлари Винница марказига Офицерлар уйида музокара ўтказаётган Украина ҳарбийлари ва хорижлик қурол етказиб берувчиларга қарши қаратилганини рад этди.
“Менда яқин атрофда ҳарбий нишон борлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ”, деган 15 июль куни исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган расмий AFP’га.
Мудофаа вазирлиги вакили ракета тушган бино кўп қаватли уйга ўхшашини айтган. Шунингдек, у Винницага Россия сув ости кемасидан зарба берилганини тасдиқлаган.
Винницадаги ҳужумни ҳам ҳисобга олган ҳолда, расмий ҳисоб-китобларга кўра, Россия ҳужумларида сўнгги бир-икки ҳафта ичида 100 дан 150 нафаргача оддий украиналиклар ҳалок бўлган.
Маълумот учун, 14 июль куни эрталаб фронт чизиғидан юзлаб километр узоқликда жойлашган Винница шаҳри маркази ракеталардан ўққа тутилди. Украина расмийларига кўра, зарба Қора денгиздаги Россия сув ости кемасидан отилган “Калибр” қанотли ракеталари билан берилган.
Ҳужум оқибатида ҳозирча камида 23 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Украина расмийлари эълон қилган суратлардан шаҳар маркази вайрон бўлганини, кўп қаватли бино вайрона ҳолга келганини кўриш мумкин.
Ҳужумдан кейин Зеленский халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, Россияни террорчи давлат деб тан олиш кераклигини айтди. У шунингдек, Россиянинг ҳарбий жиноятлари учун жазолаш мақсадида халқаро трибунал ташкил этишга чақирди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси