АҚШ Россия олтин захираларини блокировка қилмоқчи
Олам
−
23 Март 2022
7552АҚШнинг тўрт нафар сенаторидан иборат гуруҳ шу ҳафта АҚШ Молия вазири Жанет Йеллен билан икки ҳафта аввал Конгрессга киритилган қонун лойиҳасини муҳокама қилади. Унга кўра Россия Федерацияси Марказий банки захираларидан олтин билан операцияларни амалга оширишда иштирок этган шахсларга нисбатан иккиламчи санкциялар қўлланилади. Бу ҳақда “Axios” ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Сўнгги ҳафталарда қонунчиларнинг ёрдамчилари Ғазначилик билан ҳамкорликда қонун лойиҳасига қатор ўзгартиришлар киритмоқда. Айрим сенаторлар Конгресснинг юқори палатаси ташаббусни шу ҳафта қабул қилиши мумкинлигини айтмоқда. Дастлаб, улар буни АҚШ федерал ҳукумати томонидан катта молиялаштириш пакетига киритмоқчи эдилар.
Қайд этилишича, аввалроқ худди шундай қонун лойиҳаси Конгресс Вакиллар палатасига ҳам киритилган. АҚШ президенти Жо Байден ҳам қонун чиқарувчилар қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, бундай санкцияларни қўллаш ваколатига эга.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 март куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден Вашингтон Россиядан барча турдаги энергия импортига тақиқ қўйишини маълум қилди. АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 9 март куни Россиядан энергия ресурслари импортини тақиқлаш ва АҚШ расмийлари томонидан Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотидаги (ЖСТ) иштирокини тўхтатиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Орадан уч кун ўтиб, АҚШ Россиядан алкоголлик ичимликлар, носаноат олмослар ва денгиз маҳсулотлари импортини тақиқлади. Ҳужжатда Россияда ишлаб чиқарилган балиқ, денгиз маҳсулотлари, улардан тайёрланган маҳсулотлар, спиртли ичимликлар, носаноат олмос ва Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган ҳар қандай товарларни АҚШга олиб кириш тақиқланди.
Шунингдек, 8 март куни дунёнинг энг йирик нефть ва газ компанияларидан бири Shell Россия нефть ва газидан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатаётганини маълум қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси