АҚШ Конгресси ва Зеленский Оқ уйдан ёрдам сўради

Олам 10118
image

АҚШ Конгресси ва Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ маъмуриятидан Украинага Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган оғир қуроллар, жумладан, жанговар самолётлар ва С-300 зенит-ракета мажмуасини ўтказишда ёрдам сўради. Бу ҳақда CNN ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Уларга кўра, АҚШ Давлат департаменти совет С-300 ларига эга бўлган давлатларни аниқламоқда, шунингдек, уларни Украинага топшириш имкониятларини ўрганмоқда. Бироқ, АҚШ Украинага бериладиган қуролларни бу давлатларга қандай айирбошлашни режалаштираётгани маълум эмас. Шу билан бирга, Оқ уй Украинага қурол-яроғ етказиб берилиши маъқулланса, Россиянинг эҳтимолий реаксиясидан хавотирда.

Аввалроқ Польша ТИВ республика расмийлари ўзларининг барча 28 та МиГ-29 қирувчиларини Германиядаги Рамштейн авиабазасига зудлик билан ва текин жўнатишга ҳамда уларни АҚШга топширишга тайёрлигини маълум қилганди. 

Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг айтишича, Вашингтон Варшаванинг ҳарбий самолётларни АҚШ орқали Киевга ўтказиш ҳақидаги таклифини мақбул деб ҳисобламайди.

6 март куни Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили генерал-майор Игор Конашенков Украина ҳарбий авиациясини жойлаштириш учун қўшни давлатларнинг аэродром тармоғидан фойдаланиш ва кейинчалик Россия қуролли кучларига қарши қўллаш ушбу давлатларнинг қуролли тўқнашувга аралашуви сифатида баҳоланиши мумкинлигини айтди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 19
Рейтинг: 2.8
t
×