АҚШ Хитойни Россияга ёрдам бериш оқибатларидан огоҳлантирди
Олам
−
19 Июль 2022
11500Хитой Россияга қурол етказиб бериши ёки санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам кўрсатиши Пекин учун жуда оғир оқибатларга олиб келади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс кеча, 18 июль куни бўлиб ўтган брифингда айтиб ўтди.
“Расмий Москвага қарши мисли кўрилмаган санкциялар, экспорт назорати ёки бошқа молиявий чораларни четлаб ўтишда ёрдам бериш расмий Пекинга қимматга тушади. Шу билан биргаликда бугунги кунга қадар Қўшма Штатлар ва унинг Иттифоқчилари Хитойнинг Россияга қарши санкцияларни "тизимли айланиб ўтиш" ёки Москвани ҳарбий маҳсулотлар билан таъминлашда иштирок этаётганини кўрмаяпти. Аммо биз диққат билан кузатамиз”, дея қўшимча қилган у.
Эслатиб ўтамиз, Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сиярто билан телефон орқали мулоқот ичоғида Хитой Ҳукумати бундан буён Россия ва Украина можароларини четдан томошабин сифатида кузатмоқчи эмаслиги ҳақида айтиб ўтганди.
“Мамлакатимиз Украинадаги инқирозли вазиятга алоқадор томонлардан бири эмас, лекин биз орқада ўтириб, нима бўлаётганини ташқаридан пассив кузатиш ниятида эмасмиз”, деганди Ван И.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Абдулвоҳид Ёқубов
LiveБарчаси