АҚШ Қирғизистон ва Тожикистонга чегара можаросида ёрдам таклиф қилди
Олам
−
11 Май 2021
5336Америка Қўшма Штатлари Қирғизистон ва Тожикистонга чегара можаросини ҳал қилишда ҳар қандай кўринишда ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Жонатан Хеник айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, Вашингтондаги Атлантика кенгаши томонидан ўтказилган веб-семинарда у АҚШ ва Тожикистон билан Қирғизистон ўртасидаги сўнгги воқеалар рағбатлантирилаётганини таъкидлаган.
“Бироқ, биз ушбу муаммони ечилган деб ўйлай олмаймиз. Бу – ҳал қилинмаган масала. Аҳолининг уйларига қайтиши ҳамда [можаро зонасида] қайта қуриш ишлари учун шароит яратиш учун тинчлик ва барқарорлик керак бўлади.
Албатта, иккала мамлакат раҳбарияти билан Бишкек ва Душанбедаги элчихоналаримиз орқали тўғридан-тўғри алоқадамиз. Биз уларнинг Вашингтондаги элчихоналари билан боғландик. Ҳар қандай вазиятда можарони тинч йўл билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлашни таклиф қилдик. Ва бундан ҳам муҳими, биз Бишкек ва Душанбени масъулиятни ўз зиммаларига олишга, бундай ҳодиса яна такрорланмаслиги учун шароит яратишга чақирдик”, дейди америкалик дипломат.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 28 апрель куни Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.
Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди.
Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.
Шу куннинг ўзида Жапаров ва Раҳмон телефон орқали суҳбатда май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган эди.
1 май куни икки давлат Миллий хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари чегара ҳудудида учрашиб, ўт очишни бутунлай тўхтатишга келишиб олди.
Шунингдек, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги можаро тожик томони сув иншооти олдида кузатув камераларини ўрнатишни бошлаши ортидан бошланганини маълум қилди.
2 май куни Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлар ва ҳарбий техникани чегарадаги қуролли тўқнашув зонасидан олиб чиқишни бошлади.
Кейинчалик, Расмий Бишкек ва Душанбе чегаранинг умумий қисмини тавсифлаш жараёнини фаоллаштиришга келишиб олгани маълум қилинди.
Давлат чегарасини муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Назарали уулу Талантбек Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги назорат пунктлари вақтинча ёпилганини маълум қилди.
Шундан сўнг, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик давлат чегарасидаги вазият барқарорлашиши муносабати билан қирғиз халқига мурожаат қилди.
3 май куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарадан қўшимча ҳарбий кучларни тўлиқ олиб чиқди.
Шу куни 2010 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида юз берган воқеалар вақтида мамлакат Президенти бўлган Роза Отунбаева ватандошларига мурожаат йўллаб, отишмаларга ташқи кучлар алоқадорлигини айтди.
Тожикистон Бош прокуратураси Қирғизистон билан чегарадош Исфара шаҳрининг Чоркух қишлоғига қилинган ҳужум учун қирғиз ҳарбий хизматчиларига қарши жиноий иш қўзғади.
Қолаверса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қирғиз-тожик чегарасида юз берган тўқнашувлар юзасидан Қирғизистон томонига ҳамдардлик билдирди.
Аввалроқ Қирғизистон чегарадаги воқеаларни ҳарбий босқинчилик деб атаганди. Тожикистон ушбу можарони тажовузкорлик деб баҳолади.
4 май куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон тожик-қирғиз чегарасида юз берган тўқнашувлар натижасида вайрон бўлган тожикистонликларнинг уйларини давлат бюджетидан қайта қуришга кўрсатма берди.
Тожик-қирғиз можаросидан сўнг Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбари ишдан олинди.
Жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин билан тожик-қирғиз можаросидаги вазият ҳақида гаплашди.
10 май куни Россия томонининг ташаббуси билан Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Унда Путин Россия Федерацияси Қирғизистон Республикасига чегара можаросининг гуманитар оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтди.
LiveБарчаси