АҚШ Афғонистондаги қўшинларини Ўзбекистон ёки Тожикистонга кўчириши мумкин – ОАВ
Олам
−
10 Май 2021
18473Америкалик таҳлилчилар Афғонистондан қўшин ва техникаларни кўчиришнинг варианти сифатида Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистонни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” америкалик ҳарбий амалдорларга асосланиб хабар берди.
Уларга кўра, Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишни бошлаган Америка раҳбарияти Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш, “Толибон” ҳаракати фаолиятини назорат қилиш ва бошқа экстремистларни кузатиб бориш мақсадида уларни бошқа мамлакатларга жойлаштириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Афғонистон билан чегарадош Ўзбекистон ва Тожикистон географик нуқтаи назардан энг мақбул вариант сифатида қаралмоқда.
“Бироқ Россиянинг минтақадаги катта ҳарбий иштироки, Хитойнинг кучайиб бораётган таъсири ва Вашингтон билан муносабатларидаги кескинлик Марказий Осиёда базаларни [яратишни] қийинлаштирмоқда”, деб ёзади нашр.
“The Wall Street Journal” манбаларининг таъкидлашича, Америка раҳбарияти ушбу штатлар ҳудудида ҳарбий базаларни ташкил этиш тўғрисида расмий сўровлар билан ҳали мурожаат қилмаган. Шу билан бирга, Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш, нашр манбаларига кўра, жорий йилнинг июль ойига қадар муддатидан олдин якунланиши мумкин.
Қайд этилишича, пгар АҚШ ҳарбий кучларини Афғонистон билан чегарадош мамлакатлар ҳудудида жойлаштириш тўғрисида келишувга эришилмаса, Америка раҳбарияти уларни Форс кўрфази давлатларига ўтказиш вариантини кўриб чиқади.
Маълумот учун, 2001 йил 11 сентябрь терактларидан кейин террорга қарши уруш очган АҚШ Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларида фойдаланиш учун октябрь ойида Хонободдаги аэродромни ижара олган. 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан сўнг, америкалик ҳарбийлар Ўзбекистон талаби билан у ерни тарк этган.
2006 йилда Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қўшилгач, базадан Россия ҳарбийлари фойдалана бошлади. Ўзбекистон 2012 йилда КХШТни тарк этди, шу йили мамлакатнинг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси қонун билан тасдиқланиб, унда Ўзбекистон ҳарбий-сиёсий иттифоқларга қўшилмаслиги, ўз ҳудудида бошқа давлатларнинг ҳарбий базаси бўлишига йўл қўймаслиги белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Россиянинг Ўзбекистонга таъсири кучайиб бораётгани айтилган хабарларга муносабат билдирганди.
Жорий йилнинг 8 май куни Москвада бўлиб ўтган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан учрашувда Россия Президенти Владимир Путин Афғонистондаги воқеалар сабабли минтақадаги хавфсизлик масалаларига ҳам эътибор қаратди.
“Минтақадаги хавфсизлик масалалари Афғонистонда содир бўлаётган воқеалар билан боғлиқ ҳолда жуда муҳимдир. Тожикистон Афғонистон билан энг узун чегарага эга. Биламан, бу ҳолат сизни жуда ташвишга солмоқда. Айтиш керакки, бунга асос бор. Ўз навбатида биз сизни қўллаб-қувватлаш учун ҳамма нарсани қиламиз”, дея таъкидлади Путин.
Афғонистон атрофидаги вазият
Жорий йилнинг 14 апрель куни “Толибон” барча хорижий кучларни Афғонистондан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.
Жо Байден 11 сентябргача Афғонистондаги барча АҚШ аскарларини мамлакатдан чиқариш ниятида эканини айтганди. Ҳарбийларни чиқариш ишлари май ойидан бошланиши керак.
ОАВда АҚШ ортидан унинг иттифоқчиси Буюк Британия ҳам Афғонистондаги ҳарбий контингентини ортга қайтаришини ҳақида маълумотлар тарқалди. Шунингдек, Грузия ҳам Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқмоқчи эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда ўлдирилган тинч аҳолининг 43,5 фоизи “Толибон” ҳиссасига тўғри келаётгани ҳақида хабар берилганди.
Кейинчалик, расмий Теҳрон “Толибон” ҳаракатининг Афғонистонда Ислом амирлигини тузиш бўйича режалари тўғрисида хабардорлиги ва бунга асло йўл қўймаслигини маълум қилганди.
Туркия, Покистон ва Афғонистон “Толибон”ни “Афғонистонда барқарор тинчликка олиб келадиган ҳар томонлама музокарали келишувга эришишга” содиқлигини тасдиқлашга чақирди.
Шундан сўнг, Америка Қўшма Штатлари хорижий ҳарбий контингентни олиб чиқиш жараёни доирасида Афғонистондан ҳарбий техникани олиб чиқишни бошлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь