Туркия, Покистон ва Афғонистон “Толибон”га мурожаат йўллади

Олам 8443
image
-

Туркия, Покистон ва Афғонистон “Толибон”ни “Афғонистонда барқарор тинчликка олиб келадиган ҳар томонлама музокарали келишувга эришишга” содиқлигини тасдиқлашга чақирди. Бу ҳақда уч мамлакат Ташқи ишлар вазирларининг кеча, 23 апрель куни бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича эълон қилинган қўшма баёнотда айтилган.

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, унинг покистонлик лавозимдоши Шоҳ Маҳмуд Қурайший ва Афғонистон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ўз мамлакатларининг тинч, суверен, мустақил, демократик ва бирлашган Афғонистонни қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлади.

Декларацияда қайд этилишича, доимий тинчликка фақат “афғонларнинг ўзи бошчилигидаги сиёсий жараён” орқали эришиш мумкин, бу Афғонистондаги можарони тўхтатиш учун ҳар томонлама сиёсий келишув билан бирга доимий ва кенг қамровли сулҳга эришишга интилади.

Вазирлар Афғонистон тинчлик жараёни ва Доҳада давом этаётган тинчлик музокараларини “адолатли ва узоқ муддатли” сиёсий келишувга эришиш мақсадида қўллаб-қувватлашларини таъкидлаган.

Шунингдек, улар Афғонистон бўйича давом этаётган тинчлик музокараларига “туртки бериш” учун Истанбулда саммит ўтказишга бўлган Туркия, Қатар ва БМТнинг саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этган.

Афғонистон атрофидаги вазият

Жорий йилнинг 14 апрель куни  “Толибон” барча хорижий кучларни Афғонистондан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.

Жо Байден 11 сентябргача Афғонистондаги барча АҚШ аскарларини мамлакатдан чиқариш ниятида эканини айтганди. Ҳарбийларни чиқариш ишлари май ойидан бошланиши керак.

ОАВда АҚШ ортидан унинг иттифоқчиси Буюк Британия ҳам Афғонистондаги ҳарбий контингентини ортга қайтаришини ҳақида маълумотлар тарқалди. Шунингдек, Грузия ҳам Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқмоқчи эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда ўлдирилган тинч аҳолининг 43,5 фоизи “Толибон” ҳиссасига тўғри келаётгани ҳақида хабар берилганди.

Кейинчалик, расмий Теҳрон “Толибон” ҳаракатининг Афғонистонда Ислом амирлигини тузиш бўйича режалари тўғрисида хабардорлиги ва бунга асло йўл қўймаслигини маълум қилганди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 338
Рейтинг: 2.9
t
×