Гигантлар ортидан Грузия ҳам Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетади
Олам
−
15 Апрель 2021
5628Грузия расмийлари ўз қўшинларини шу йилнинг сентябрига қадар Афғонистондан олиб чиқмоқчи. Бу ҳақда “Anadolu” хабар бермоқда.
“НАТО Афғонистондаги миссиясини шу йилнинг сентябригача тугатишга қарор қилди. Шунга кўра, НАТО билан келишилган жадвалга асосан, Грузия бўлинмалари ҳам Афғонистонни тарк этади”, дейди Грузия Бош вазири Иракли Гарибашвили.
Шу билан бирга, ҳукумат раҳбари Грузиянинг НАТОга қўшилиш жараёни давом этаётганини таъкидлади.
Гарибашвили НАТОнинг шериги сифатида Грузия 2004 йилда Афғонистондаги қатъиятли қўллаб-қувватлаш миссиясига қўшилганини эслади.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирда Афғонистонда 860 нафар Грузия ҳарбий хизматчиси миссия доирасида хизмат қилмоқда.
Ҳукумат раҳбари, шунингдек, узоқ йиллар давомида глобал терроризмга қарши курашиб келаётган Грузия ҳарбий хизматчиларига миннатдорлик билдирган.
“Грузия учун халқаро ҳамжамият аъзоси сифатида Афғонистон ҳеч қачон террорчилар маконига айланмаслиги жуда муҳимдир. Биз ушбу топшириқни бажаришда ўз ҳиссамизни қўшганимиздан фахрланамиз”, дейди Гарибашвили.
Грузия Президенти Саломе Зурабишвили ҳам НАТО аъзолари билан бирга Афғонистонда Грузия ҳарбий хизматчилари хизмат қилганидан фахрланишини билдирди.
“Грузия ва Афғонистондаги НАТО иттифоқчилари таъминлашга ҳаракат қилган тинч ва хавфсиз муҳит келажакда ҳам давом этиши муҳимдир”, дейди Зурабишвили.
Аввалроқ, Жо Байден 11 сентябргача Афғонистондаги барча АҚШ аскарларини мамлакатдан чиқариш ниятида эканини айтганди. Ҳарбийларни чиқариш ишлари май ойидан бошланиши керак.
ОАВда АҚШ ортидан унинг иттифоқчиси Буюк Британия ҳам Афғонистондаги ҳарбий контингентини ортга қайтаришини ҳақида маълумотлар тарқалди.
Ўз навбатида “Толибон” ҳаракати Халқаро кучлар Афғонистонни тарк этмагунига қадар ҳеч қандай тинчлик музокараларида иштирок этмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь