Раҳмон Путин ҳузурида. Икковлон нималарни муҳокама қилди?
Олам
−
09 Май 2021
8669Кеча, 8 май куни Москвада Тожикистон ва Россия Президентлари Имомали Раҳмон ҳамда Владимир Путин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Россия раҳбари Тожикистон Президентига 9 май – “Ғалаба куни” олдидан Москвага келгани учун миннатдорлик билдирган ва бу икки мамлакат халқлари учун умумий байрам эканини таъкидлаган.
“Сизни кўрганимдан жуда хурсандман. Бу сафар сиз Ғалаба куни муносабати билан келдингиз. Бу бизнинг умумий байрамимиз. Вақт ажратиб, келганингиз учун катта раҳмат. Биламан, Улуғ Ватан уруши даврида тожикистонликларнинг деярли учдан бири жангга кетган, лекин ҳаммаси ҳам уйга қайтмаган, вафот этган”, дейди Путин.
Учрашув давомида Президентлар, шунингдек, икки томонлама иқтисодий алоқаларни ҳам муҳокама қилган.
“Меҳнат муҳожирлари – муҳим масала. Мен бу масаланинг Тожикистон учун нозик эканини биламан. Одамлар ўзини қулай ҳис қилиши учун ҳамма нарсани қиляпмиз, айниқса бизда, ҳақиқатан ҳам, иқтисодиётнинг барча соҳаларида ишчилар етишмаяпти”, дейди Россия раҳбари.
Шунингдек, Россия Президенти COVID-19 пандемияси даврида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси камайганини айтиб ўтган.
“Россия Тожикистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб қолаётганини жуда мамнуният билан таъкидлайман. Тўғри, пандемия туфайли савдо бироз пасайди, аммо ишончим комилки, у тикланади, ривожланади ва бунга етарлича асос мавжуд. Бизда яхши лойиҳалар бор”, дея қўшимча қилди у.
Бундан ташқари, Владимир Путин Тожикистон раҳбари билан учрашувда Афғонистондаги воқеалар сабабли минтақадаги хавфсизлик масалаларига ҳам эътибор қаратган.
“Минтақадаги хавфсизлик масалалари Афғонистонда содир бўлаётган воқеалар билан боғлиқ ҳолда жуда муҳимдир. Тожикистон Афғонистон билан энг узун чегарага эга. Биламан, бу ҳолат сизни жуда ташвишга солмоқда. Айтиш керакки, бунга асос бор”, дейди Россия Президенти.
Путин бу масалада Раҳмоннинг фикри ва Душанбеда минтақадаги воқеалар ривожига қандай қаралишига қизиқиш билдирган.
“Ўз навбатида биз сизни қўллаб-қувватлаш учун ҳамма нарсани қиламиз”, дея таъкидлади Путин.
У Россия қуролли кучларининг 201-базаси Тожикистонда фаолият юритаётганини эслаб ўтган.
“Биз уни кучайтириш, тожик қуролли кучларини яхшилаш учун иш олиб бормоқдамиз. Бизда ушбу соҳада бир неча йилларга мўлжалланган бутун бошли дастур мавжуд. Унинг ўз вақтида бажарилиши учун ҳамма нарсани қиламиз”, дейди у.
Имомали Раҳмон нима деди?
Тожикистон Президенти юқорида қайд этилган йўналишларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётганидан мамнунлигини билдирган ва Россия Федерацияси асосий ҳамда муҳим савдо-иқтисодий шерик бўлиб қолаётганини таъкидлаган.
Тожикистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати 2020 йилда мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми COVID-19 пандемияси билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, деярли бир миллиард АҚШ долларини ташкил этганини қайд этмоқда.
Учрашувда Тожикистондан юқори сифатли ва экологик тоза мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш учун Россия бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда сармоялар соҳасидаги ҳамкорликка янги туртки бериш зарурлиги таъкидланган.
“Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг бошқа долзарб жиҳатлари, шу жумладан, меҳнат миграцияси, авиаалоқалар соҳаси муҳокама қилинди. Бунда икки мамлакат ўртасида парвозларни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди, шунингдек, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари соғлиқни сақлаш соҳаси, айниқса, янги коронавирус оқибатларига қарши курашда ҳам муҳим ўрин тутгани айтилди. Ҳарбий-техник ҳамкорликнинг қўшма дастурларини амалга ошириш жараёнига тегишли эътибор берилди”, дейилади Тожикистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати берган баёнотда.
Хавфсизлик соҳасидаги икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка оид масалаларни муҳокама қилишда томонлар глобал таҳдид ва муаммоларга, хусусан терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси ва трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши биргаликда курашни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.