Россиянинг Ўзбекистонга таъсири кучайиб бораётгани айтилмоқда. Мудофаа вазирлиги изоҳ берди
Жамият
−
05 Май 2021
63509Аввалроқ, 27–28 апрель кунлари Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган эди. Шундан сўнг, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида ушбу ташриф сабаби билан боғлиқ турли хил прогнозлар ва ўз ўрнида, қўрқувли хабарлар ҳам тарқалди. Мудофаа вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан расмий баёнот билан чиқди.
Вазирликнинг маълум қилишича, қуйидаги тахмин ва қўрқувлар “мутлақо асоссиз”:
- Стратегик шериклик доирасида Россия қўшинларининг Ўзбекистонга кириб келиши;
- Россиянинг ҳарбий тўқнашувларига Ўзбекистон Республикасининг эҳтимолий аралашуви;
- Ғарб давлатлари томонидан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига салбий баҳо бериш эҳтимоли;
- Россиянинг Ўзбекистонга таъсири кучайиб бораётгани;
- Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтириш зарурати.
Хабарга кўра, биринчидан, мудофаа соҳасидаги асосий ҳужжатлар, масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (1992), ташқи сиёсат контсепцияси (2012) ва мудофаа доктринаси (2018) бу каби саволларга аниқ жавоб беради.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳеч бир давлатни ўзининг душмани деб ҳисобламайди ва барча мамлакатлар билан муносабатларни мамлакат миллий манфаатларининг устуворлиги асосида ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини инобатга олган ҳолда, ўзаро наф кўриш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш, давлатлараро шаклланган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини тан олиш асосида қуради.
“Иккинчидан, Ўзбекистон ўзининг ички ва ташқи сиёсатини белгилайдиган суверен давлатдир.
Шу сабабли, Ғарб давлатлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатига бўлган эҳтимолий салбий баҳоларидан қўрқиш, Россиянинг Ўзбекистонга таъсирининг кучайиб бораётганидан норозилик ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисидаги талаблар ҳам ўзини оқламайди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Мудофаа вазирлиги “очиқ ва рўйирост тан олиб”, бугунги кунда Россия Ўзбекистон аҳолисининг осийишта ҳаёти, шунингдек минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига қурол ва ҳарбий техника етказиб беришда энг йирик шерик бўлиб қолаётганини маълум қилган.
Маълумот учун, Шойгу 26-27 апрель кунлари Тожикистонга иш сафари уюштирди. У Душанбеда КХШТ Вазирлар Кенгашининг мажлисида қатнашди ва Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Мирзо билан музокаралар олиб борди.
Бугун, 28 апрель куни Шойгу Бухорога ташрифи доирасида Республика Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов билан учрашди. Унда Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2025 йилгача стратегик шериклик дастури имзоланди.
Шунингдек, Шойгу Ўзбекистонга “фашизмга қарши кураш” архив ҳужжатларини олиб келди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни “Толибон” барча хорижий кучларни Афғонистондан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.
Шундан сўнг, Америка Қўшма Штатлари хорижий ҳарбий контингентни олиб чиқиш жараёни доирасида Афғонистондан ҳарбий техникани олиб чиқишни бошлади.
Жорий йилнинг 26 апрель куни АҚШ ва НАТО Афғонистондан қўшинларини ҳам олиб чиқиб кетишни бошлади.
Қолаверса, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Тожикистон ва Ўзбекистонга ташрифи АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши билан боғлиқ хавотир билан ҳам изоҳланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь