Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2025 йилгача стратегик шериклик дастури имзоланди
Жамият
−
28 Апрель 2021
6738Кеча, 27 апрель куни Россия Федерацияси Мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу бошчилигидаги делегация Бухорога келди. Ташриф доирасида икки мамлакат мудофаа идораларининг раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Бухорода икки мамлакат мудофаа вазирлари Сергей Шойгу ва Баҳодир Қурбонов томонидан 2021-2025 йилларда Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий соҳадаги стратегик шериклик дастури имзоланган.
Аввалроқ Қурбонов билан бўлиб ўтган музокараларда Шойгу бундай ҳужжат биринчи марта ишлаб чиқилгани ва у ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганинини таъкидлаган.
Шунингдек, ташриф доирасида делегация аъзолари Бухоронинг диққатга сазовор жойларида бўлган. Жумладан, меҳмонлар дастлаб “Ситораи Моҳи хосса” мажмуасини бориб кўрган. Шунингдек, меҳмонлар Бухоронинг марказий майдонларидан бири саналган, Кўкалдош, Девонбеги мадрасалари ҳамда Девонбеги ҳонақоҳи биноларидан ташкил топган Лаби Ҳовуз меъморий ансамблини бориб кўрган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳеч бир давлатни ўзининг душмани деб ҳисобламайди ва барча мамлакатлар билан муносабатларни мамлакат миллий манфаатларининг устуворлиги асосида ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини инобатга олган ҳолда, ўзаро наф кўриш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш, давлатлараро шаклланган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини тан олиш асосида қуради.
LiveБарчаси