20 йиллик урушнинг якуни: АҚШ Афғонистонни тарк этишни бошлади
Олам
−
24 Апрель 2021
7400Америка Қўшма Штатлари хорижий ҳарбий контингентни олиб чиқиш жараёни доирасида Афғонистондан ҳарбий техникани олиб чиқишни бошлади. Бу ҳақда америкалик амалдор CNN’га исмини ошкор қилмаслик шарти билан маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, жойида йўқ қилиниши ёки афғон кучларига ўтказилиши мумкин бўлмаган қуроллар ушбу мамлакатдан олиб чиқиб кетилмоқда.
Расмий вакил фойдаланишга яроқсиз қуролни йўқ қилишга қарор қилинганини таъкидлаган.
Бошқа бир АҚШ расмийси телеканалга 2500 га яқин аскарни Афғонистондан олиб чиқиш ишлари “бир неча ҳафта ичида” бошланишини айтган. АҚШ Афғонистондаги 20 йиллик урушни тугатиб, ўз қўшинларини бутунлай олиб чиқмоқчи.
Афғонистон атрофидаги вазият
Жорий йилнинг 14 апрель куни “Толибон” барча хорижий кучларни Афғонистондан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.
Жо Байден 11 сентябргача Афғонистондаги барча АҚШ аскарларини мамлакатдан чиқариш ниятида эканини айтганди. Ҳарбийларни чиқариш ишлари май ойидан бошланиши керак.
ОАВда АҚШ ортидан унинг иттифоқчиси Буюк Британия ҳам Афғонистондаги ҳарбий контингентини ортга қайтаришини ҳақида маълумотлар тарқалди. Шунингдек, Грузия ҳам Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқмоқчи эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда ўлдирилган тинч аҳолининг 43,5 фоизи “Толибон” ҳиссасига тўғри келаётгани ҳақида хабар берилганди.
Кейинчалик, расмий Теҳрон “Толибон” ҳаракатининг Афғонистонда Ислом амирлигини тузиш бўйича режалари тўғрисида хабардорлиги ва бунга асло йўл қўймаслигини маълум қилганди.
Туркия, Покистон ва Афғонистон “Толибон”ни “Афғонистонда барқарор тинчликка олиб келадиган ҳар томонлама музокарали келишувга эришишга” содиқлигини тасдиқлашга чақирди.
LiveБарчаси