Қон эвазига кенгайган Россия, пора олганда ушланган вазир, думи тугилган “тўра”лар – Жўжани кузда санаймиз

Таҳлил

Салом бўлсин, ўз касб байрамини ҳам пахта даласида нишонлаган, қилган меҳнатига раҳмат эшитмаган, аксинча, мактаб ё коллежнинг совуқ спорт залларида тунни ўтказиб, саҳарлаб яна далага чопган ўқитувчиларга. Салом бўлсин, ўзи пахтага боролмагани учун ҳар икки куннинг бирида далага ё “продукта”, ё пул ташиган, ўқитувчилик қисматимда мардикорлик ҳам бор экан, деб елка қисган ожизаларга.  Салом бўлсин, Янги йил, Наврўз ё бошқа байрамларни оила даврасида, фарзандлари қуршовида эмас, мактабда кутиб олган, тунни мактабда ўтказган директорларга. Салом бўлсин, ҳокимбува ва прокурор, каттаконларнинг қош-қовоғига қараб, катта йўлдан бирор акахон ўтгудек бўлса, “суботник”га олиб чиқилган, охир-оқибат ўқувчиси яшайдиган домнинг подъездини ҳам бориб тозалаган устозларга. Салом бўлсин, ўз маошига бозордан гул, кўчат сотиб олиб, мактабга олиб келиб экканларга. Салом бўлсин, гўё “отпуска” берилиб, лекин ёзи билан “краска” ҳидига тўйинган, ота-оналарнинг писанда қилиб берган пулини тежаб-тергаб, зўрға битта синф “ремонт”ига етказолган, шунда ҳам “ўғри” деган тамғани олган мураббийларга. Салом бўлсин, мен айтгану айтмаган аламли кунларни бошидан кечирганларга.

Тилга олганларим Ўзбекистоннинг узоқ бўлмаган тарихи. Яқин-яқингача буларнинг барчаси ва барчамиз бор эдик. Лекин ўқитувчининг жонига оро кирадиган топилмади. Тўғри, бугун ўқитувчига нисбатан муносабат ўзгаргандир, лекин яралар ҳали битгани йўқ. Бу яралар мен каби ўқитувчининг болаларида ҳамон яшамоқда. Фурсатдан фойдаланиб, барча устоз ва мураббийларни, ўқитувчиларимизни касб байрамлари билан табриклаган ҳолда, дастуримизни бошлаймиз. Сиз билан Қамариддин Шайхов. 

Қонга беланган мактаб 

Ҳафта воқеалари ҳисоботини ўқитувчилар ва мактаб мавзусидан узоқлашмаган ҳолда Россиянинг Ижевск шаҳри марказидаги 88-мактабда содир этилган отишма ҳақидаги маълумотлардан бошласак. 

Гап шундаки, 26 сентябрь куни 34 ёшли маҳаллий фуқаро, шу мактаб битирувчиси Артем Казанцев мактабда отишма содир этди. 

Эркак қора ниқобда мактабга бостириб кирган. Дастлаб қўриқчига ўқ узган, кейин синфхонага бориб, ўқувчиларга ҳужум қилган. У ҳужумдан кейин ўз жонига қасд қилган. Казанцев муқаддам шизофрения ташхиси билан психо-неврологик диспансерда рўйхатга олинган. 

Ҳодиса юзасидан Тергов қўмитаси Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси – икки ёки ундан ортиқ шахсларни, шу жумладан вояга етмаганларни ўлдириш, 222-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғади. Терговни Тергов қўмитаси марказий аппарати олиб боради.

Қуролли ҳужум оқибатида 17 киши ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ киши жароҳат олди.

Ушбу қонли воқеадан хабар топган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. 

Комада қолаётган Зоҳид Рихсиев

29 сентябрь куни тахминан соат 23:00 ларда пойтахт Тошкентнинг Юнусобод туманида даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. 1990 йилда туғилган собиқ “Уммон” гуруҳи солисти Зоҳид Рихсиев ўзининг бошқарувидаги BMW русумли автомобилида руль бошқарувини йўқотиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этган.

Оқибатда транспорт воситаси ҳайдовчиси ва икки йўловчи шифохонага ётқизилган. 1994 йилда туғилган Суннат исмли йигит воқеа жойида вафот этган.

Айни вақтда хонанда Зоҳид Рихсиевнинг аҳволи оғир, унга бош мия очиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош тепа соҳасининг эзилиб йиртилган жароҳати, чап елка соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши ташхиси қўйилган. Бемор жонлантириш бўлимида, комада қолмоқда. 

Ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Россия Украинанинг ҳудудини куч билан эгаллади 

30 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, ўзини Донецк ва Луганск “халқ республикалари” деб таништираётган бўлгинчилар, Запорожье ва Херсон вилоятлари раҳбарлари ушбу вилоятларнинг Россия таркибига қўшилиши бўйича келишувларни имзоладилар. Шунинг билан жаҳон ҳамжамиятининг фикрича, Россия Украина ерларини аннексия қилди ва 2014 йилда Қрим борасида қилган хатосини такрорлади. 

Маросим Катта Кремль саройида бўлиб ўтди. Ҳужжатларни имзолашдан олдин Путин ушбу ҳудудларни Россия таркибига қабул қилиш ҳақида нутқ сўзлади. 

Гап шундаки, жорий йилнинг 23-27 сентябрь кунлари Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожьеда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар ва жаҳон ҳамжамияти тан олмаган референдумлар бўлиб ўтди. Россия матбуотига ишонадиган бўлсак, референдумда ушбу минтақалар аҳолиси кўп сонли овоз билан ҳудудларнинг Россия таркибига киришини қўллаб-қувватлаган. Аммо халқаро матбуот бунинг аксини, референдум ноқонуний, айрим жойларда эса куч ишлатиш, овоз бермаганларни бунга мажбурлаш йўли билан ўтказилгани ҳақида ёзмоқда. 

Украина Президенти Москва Киев назорати остида бўлмаган ҳудудларда ўтказилган бир томонлама “референдумлар” натижаларини тан оладиган бўлса, Россия Федерацияси Президенти билан гаплашадиган ҳеч нарса қолмаслигини айтиб чиқди. 

Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель эса Европа Иттифоқи сепатаристлар назоратидаги ҳудудларда ўтказилган бир томонлама “референдум”ларни тан олмаслигини билдирди.

Шунингдек, Шимолий Атлантика альянси – НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам Россия томонидан ўтказилган сохта референдумлар қонунийликка эга эмаслиги ва бу халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш ҳисобланишини айтди. 

АҚШ Президенти Байденга кўра, Украина ҳудудида ўтказилган псевдореферендумни “тўлиқ уйдирма” ва Вашингтон Россия Федерациясининг Украинага нисбатан ҳудудий даъволарини ҳеч қачон тан олмайди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг фикрича, босиб олинган ҳудудларда "референдум"лар давом этаётган қуролли тўқнашувлар шароитида, Россия ишғоли остидаги ва Украинанинг ҳуқуқий ҳамда конституциявий доирасидан ташқарида бўлган ҳудудларда ўтказилган. Уларни халқ иродасининг ҳақиқий ифодаси, дейиш мумкин эмас.

Шунингдек, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам CNN Turk телеканалига берган интервьюсида Туркия ушбу референдумни тан олмаслигини ва 4 ҳудуднинг Россия таркибига қўшиб олиниши Украина-Россия ўртасидаги вазиятни янада чигаллаштирганини очиқлади. 

Путин Украинанинг тўрт вилоятини аннексия қилганидан сўнг, АҚШ ва Канада Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтирди

Ўзбекистоннинг баёноти кимга аталган?

Тошкент Россия-Украина уруши ва Украина ерларининг аннексия қилиниши борасида март ойидан буён миқ этмай келаётган эди. Ўшанда Сенатнинг ялпи мажлисида чиқиш қилган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олмаслиги ва Украина ҳудудий яхлитлиги ва северенитетини қўллаб-қувватлашини билдирган эди. Кейин Комилов умуман кўриниш бермади. Апрель ойига келиб унинг ўрнини Владимир Норов эгаллади. Комилов эса апрель ойида Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари, июнь ойида Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили лавозимларига тайинланди. Аммо ҳозир гап бу ҳақида эмас. 

Гап шундаки, Ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг 4 ҳудудида Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказилиб, 30 сентябрь куни ушбу ҳудудлар катта тантана билан Россия таркибига киришидан бир неча соат аввал баёнот билан чиқди. Унда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқдир.

ТИВнинг бу изоҳини Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларида Россия томонидан ўтказилган бир томонлама "референдум"ларни тан олмаслик дея тушуниш ҳам мумкин. Аммо вазирлик бу масалада очиқ фикр билдирмаган.

“Ўзбекистон мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдоридир”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, ТИВ Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келаётган Россия Федерацияси фуқаролари сонининг кўпайишига тўхталиб, уларнинг мамлакатда бўлиш масаласи, шунингдек, эҳтимолий экстрадиция қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги, икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини қайд этган. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлик содир қилмаган хорижий давлат фуқаролари мажбурий депортация қилиб юборилмаслиги урғуланган. 

“Шимолий оқим” портлади. Путин ғазабда

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни бир неча соат ичида “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим-2” қувурида тўртта газ сизиш нуқтаси аниқланди. Улардан биринчиси Даниянинг Борнхольм ороли яқинидаги “Шимолий оқим-2”да қайд этилган. Кейин “Шимолий оқим”да иккита сизиш кузатилган. Дания энергетика агентлиги денгизга катта миқдорда газ тушгани ҳақида хабар берди. Сўнгги тўртинчи сизиш нуқтаси Швеция ҳудудида топилган. Самолётлар ва кемаларнинг ҳодиса содир бўлган жойга беш денгиз милидан яқинроқ келиши тақиқланди.

Кейинроқ швед сейсмологлари қувур йўналишларида иккита портлаш содир бўлганини айтган. Унга кўра, биринчи портлаш 26 сентябрга ўтар кечаси, иккинчи портлашни эса ўша куни кечқурун қайд этган. Улардан бирининг магнитудаси 2,3 баллга тенг бўлган.

Дания ва Польша расмийларининг фикрича, “Шимолий оқим” газ қувурларидан газ сизишига олиб келган портлашга қасддан режалаштирилган саботаж сабаб бўлган

Дания иқлим ва энергетика вазири Дан Йоргенсен геологларнинг газ қувурларида портлашлар содир бўлгани ҳақидаги маълумотларини тасдиқлаб, қувурлар тубида чуқур жойлашгани ва пўлат ва бетондан ишланганини ва сизиб чиқаётган жойларнинг ўлчами бу бахтсиз ҳодиса бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

Швеция Ташқи ишлар вазири Анн Линде ижтимоий тармоқда ёзишича, Дания ва Швециянинг эксклюзив иқтисодий зоналаридаги “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим 2”да газ сизиб чиқиши портлашлар оқибати бўлган, эҳтимол саботаж туфайли содир бўлган.

“Der Spiegel” нашрининг ёзишича, АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси ёздаёқ Германия ҳукуматини болтиқ денгизидаги газ қувурларига эҳтимолий ҳужумдан огоҳлантирган.

Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизматининг Тергов департаменти ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 361-моддаси 1-қисми (“Халқаро терроризм акти”) билан жиноий иш қўзғатди.Бу моддадаги жиноятда айбланган шахслар 10 йилдан 20 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ҳодисаларни Германия, Дания ва Швеция текширмоқда. Немис махфий хизматлари бу ғаввос ёки сув ости кемасидан фойдаланган ҳолда саботаж бўлган деб гумон қилмоқда. Уларнинг фикрича, газ қувурлари тезда таъмирланмаса, улар абадий яроқсиз ҳолга келиши мумкин.

30 сентябрь куни Президент Владимир Путин Украина ҳудудларини Россия таркибига қўшиб олиш маросимидаги нутқида “англо-сакслар”ни, яъни британияликларни “Шимолий оқим” газ қувурларида портлашлар уюштирганликда айблади.

Маълумот учун, “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим – 2” Болтиқ денгизи тубидан ўтувчи Россия ва Германия ўртасидаги магистрал газ қувурининг бир қисмидир.

“Думи тугилган хон”лар

Ёдингизда бўлса, ёзнинг сўнгги ҳафтасида тайёрлаган дастуримизда куз яқинлашяпти, ғалвирни сувдан кўтарадиган пайт келяпти, дегандим. Ҳақиқатан ҳам айтганим бўлди: ғалвир сувдан кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раҳбарлигида шу ҳафта ҳокимлар билан ўтказилган танқидий-таҳлилий йиғилиш кўпдан бери кутилаётган эди, десак хато бўлмайди. 

Президент Администрациясида ўтказилган мажлисларда Администрация раҳбарининг ёки бошқа мансабдорнинг овози бугунгача оммавий ахборот воситаларига сиздирилмаган. Аммо 27 сентябрь куни кечаси бўлган мажлисда Умурзоқов айтган гаплар эртаси куни тонгда ижтимоий тармоқда турибди денг. Хуллас йиғилишда 5 туман ҳокими лавозимидан озод этилди. Булар: Асака тумани ҳокими Мансурбек Алихонов, Фарғона тумани ҳокими Шуҳратжон Мўминов, Пахтаобод тумани ҳокими Элёрбек Усмонов, Нуробод тумани ҳокими Шерали Йўлдошев, Абдужаббор Эгамбердиев. Умурзоқов уларга чиқиш эшигини кўрсатаркан, ҳар бирининг қилмишини очиқ-ойдин юзига айтди ва ҳокимлик биносидан чиқишда гувоҳномасини ташлаб чиқишини уқтирди. 

Навбат Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга келди. Бир неча ҳафта аввал Боболов Ангор тумани прокурорининг фаолиятига ноқонуний тарзда аралашиб, уни ҳақорат қилгани учун ҳозирча жарима жазоси билан қутилиб қолди. Унга иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жарима қўлланилди. 

Шунингдек, йиғилишда, Умурзоқов Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоевга юзланиб, эртагаёқ вилоятга бориб, тартибот ўтказишни, керак бўлса жиноий жавобгарликка тортиш кераклигини айтган. Бироқ, у айнан кимни жиноий жавобгарликка тортиш кераклигига аниқлик киритмаган.

Ушбу мажлисда Намангандаги меҳмонхонада жанжал чиқариб, ходимларни ҳақорат қилиб, уларга буюмлар улоқтирган “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори Бахтиёр Отамуродов ҳам лавозимидан озод этилгани айтилди. 

Сувдан қуруқ чиққан “зўравонлар”

Ижтимоий тармоқларда Фарғонада Ички ишлар ходимлари бир неча киши гувоҳлигида фуқарони дўппослагани акс этган видео тарқалди. Видеода икки ходим фуқарони бўғиб, уриб, тепганини кўриш мумкин.

Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Вазирлик вакилининг маълум қилишча, видеодаги воқеа 2021 йилнинг 14 июль куни Фарғона шаҳри ички ишлар бўлимида содир этилган. Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда 2021 йил 2 декабрда мазмунан кўриб чиқишлик учун суд органларига юборилган.

Мазкур жиноят иши жорий йилнинг 23 август куни Фарғона вилояти ЖИБ суди томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилиб, ходимларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ деб топилган ва оқлов ҳукми чиқарилган. Суднинг ушбу қарори ва Ғиёсовнинг баёноти одамларнинг эътирозига сабаб бўлди. Ахир видеода бўғиб, дўппослаётгани акс этиб турсаю суд буни кўрмасли мумкинми? Демак, мумкин экан. 

Орадан кўп ўтмай, Олий суд баҳсларга олиб келган ушбу масала бўйича баёнот бериб, фуқарони дўппослаган ички ишлар ходимлари иши бўйича вилоят прокурори томонидан кассация тартибида протест киритилганини маълум қилди. 

Айни вақтда ушбу протест белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун расмийлаштирмоқда. Жиноят иши Олий судда кассация тартибида кўрилиши бўйича суд жараёни якуни юзасидан батафсил ахборот берилиши айтилди. Кўрамиз, Ички ишлар ходимлари бу сафар ҳам сувдан қуруқ чиқармикин?

Аёл ўзини поезд тагига ташлади

Ўзбекистонда аёллар устидан бензин қуйиб ёқаётгани етмагандек, ўзини поезд тагига ҳам ташлаб, жонига қасд қилмоқда. Бухорода аёлни поезд босиб кетди, тўғрироғи аёл ўзини поезд тагига ташлади. 26 сентябрь куни соат 06:00 да “Хўжадавлат-Бухоро-1” йўналишидаги поезд 43-РЗД ва Мургак темир йўл бекатлари оралиғида ҳаракатланиб келаётган вақтда Когон шаҳрида яшаган 38 ёшли аёл ўз жонига қасд қилиш мақсадида поезд тагига ўзини ташлаган ва олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. 

Ҳозирги вақтда юқорида қайд қилинган ҳолат юзасидан Бухоро транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳаж ва Умрага борувчилар кўпаяди

Ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотаси 24 минг нафаргача, Умра квотаси эса 100 минг нафаргача оширилади. 29 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа учрашувида шунга келишилган. 

Учрашувда мусулмон оламининг муқаддас зиёратгоҳларига сафарларни ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан фуқароларимизнинг Саудия Арабистонида бўлиши билан боғлиқ янада қулай ва шинам шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинган.

Дарахтларни қирган ким?

Бухоро вилоятида ҳарбий прокурор бошчилигида қимматбаҳо дарахтлар кесиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Айтилишича, 2022 йил май ойида Бухоро ҳарбий прокуратураси маъмурий биноси орқа ҳовлисидаги ошхона билан иссиқхона ўртасидаги 6 туп кўп йиллик Айланта дарахтлари кестириб ташланган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси қимматбаҳо дарахтлар прокурор бошчилигида кесилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат Республика Ҳарбий прокуратураси томонидан текширилмоқда.

Ўзбекистон пахтасидан олинган тақиқ

АҚШ Меҳнат вазирлиги 2011 йилдан бери биринчи марта Ўзбекистонни болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлиги бўйича “сезиларли тараққиёт”нинг энг яхши тоифасига киритди.

Бу мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашиш борасида олиб борилаётган давлат сиёсати, шунингдек, ушбу соҳада жиноий жавобгарликнинг халқаро стандартларга тўлиқ мос равишда кучайтирилгани туфайли эришилгани алоҳида таъкидланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон эришган ютуқларни инобатга олган ҳолда, АҚШ Меҳнат вазирлиги мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтани “Болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати”дан чиқарилишини эълон қилди. Ушбу қарор Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта ва ундан тайёрланган маҳсулотларни АҚШга олиб киришга қўйилган расмий чекловларни бекор қилади.

Пора билан қўлга тушган вазир

Қирғизистон Таълим вазири Алмазбек Бейшеналиев 110 минг доллар миқдорида пора олаётганда қўлга тушди. Қирғизистон ИИВ томонидан эълон қилинган видеода иккинчи томон амалдорга конверт бергани, Бейшеналиев эса ҳамма жойда кузатув камералари борлигини айтиб, норозилик билдирганини кўриш мумкин.

Бошқа кадрларда Алмазбек Бейшеналиевнинг машинага ўтиргани ва кейин милиция ходимлари томонидан қўлга олингани кўрсатилган.

Таълим вазири хорижлик талабаларни маҳаллий олий ўқув юртларига ўқишга киритиш учун пора ундирилгани айтилмоқда.

30 сентябрь куни судга кириш олдидан журналистларга берган интервьюсида Бейшеналиев ўз айбини тан олмаслигини, олган пуллари эса инвестицион лойиҳа учун "сармоя" эканини айтган. 

У ўзига қарши ким ариза ёзганини билишини ҳам қистириб ўтган. Қизиқ, шунча катта миқдордаги пора, а йўғ-эй инвестицион пуллар фақат Қирғизистон таълим вазирига берилармикин?

Ўзбек-қирғиз чегарасида нима гап?

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаролар ҳали тамоман тугагани йўқ. Муаммонинг илдизини қўпориб ташлаш осон бўлмайди. Аммо Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарадаги ноаниқликларни келишиш борасида яна бир қадам қўйди. Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов амалий ташриф билан Қирғизистонга борди.

Ташриф давомида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси, Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Камчибек Ташиев қирғиз-ўзбек давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича қўшма мажлис баённомасини имзоладилар, бу эса қирғиз-ўзбек давлат чегарасидаги айрим участкалар бўйича янги Битим лойиҳасини келишиш тартибини бошлаш имконини беради.

Кейин Арипов Қирғизистон Президенти Садир Жапаров қабулида бўлди. Жапаров учрашув натижалари икки мамлакат халқлари манфаатларидан келиб чиқиб, қирғиз-ўзбек давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича ҳуқуқий жараённи тезроқ якунлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Путин МДҲни Ғарб ва Америка таҳдидидан огоҳлантиряпти

30 сентябрь куни Москвада МДҲ давлатларининг хавфсизлик ва разведка хизматлари раҳбарларининг 18-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Россия, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Ушбу йиғилиш олдидан Россия Президенти Владимир Путин қатнашчиларга видеомурожаат йўллади. 

У Афғонистоннинг қўшниларини террор хавфидан огоҳлантирди. Путинга кўра, Афғонистон ҳудудида фаолият юритаётган террорчилар чегарадош давлатларга нисбатан режалар тузишлари мумкин. Бу ҳамдўстлик чегараларидаги вазият эътиборни кучайтиришни талаб қилади. Айнан ўша ерда кўплаб умумий хавфсизлик таҳдидлари шаклланган бўлиб, улар ўз вақтида тўхтатилмаса, мамлакатлардаги вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 

Шунингдек, Россия раҳбари бир қутбли гегемония муқаррар равишда емирилаётгани, адолатлироқ дунё тартиби шаклланаётгани, аммо Ғарб бунга чидашни хоҳламаётганини айтди. 

У барча соҳаларда – халқаро муносабатлар ва иқтисоддан тортиб, маданият ва спортгача диктаторлик сиёсатини олиб боришга уринаётган бу энг машҳур жамоа – Ғарб тобора кўпроқ янги муаммолар, инқирозларни келтириб чиқараётганига эътибор қаратган.

Путиннинг фикрича, Ғарб ҳар қандай давлатни хавф остига қўйишга, уни инқироз ўчоғига айлантиришга, рангли инқилоб ва қонли қирғинни қўзғатишга тайёр.

Учрашув иштирокчиларига мурожаат қилар экан, у разведка тузилмалари энг хавфли таҳдидларга қарши курашда олдинги сафда туришини ва улар олдида асосан ўхшаш вазифалар турганини таъкидлади. Булар: ўз мамлакатларида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, миллий суверенитетни мустаҳкамлаш, интеграциявий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш.

НАТО Зеленскийнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди

Россия Украинанинг тўрт ҳудудини аннексия қилгач, Украина НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. 

Президент Владимир Зеленский Украина НАТОга тезлаштирилган аъзолик бўйича аризани имзолаш орқали ўзининг ҳал қилувчи қадамини ташлаётганини таъкидлади.

Албатта, Зеленскийнинг аризасига дарров ижобий жавоб бўлгани йўқ. Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО) Бош котиби Йенс Столтенбергнинг айтишича, Украина учун Альянсга кириш эшиклари очиқ, бироқ ҳозир асосий эътибор Россиянинг кенг кўламли босқинида унинг ҳимоясини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бундан англашиладики, Украина уруш майдонида етарлича қўллаб-қувватланади, аммо улар учун ҳеч ким бор жанг қилмайди. 

Столтенбергнинг сўзларига кўра, Европадаги ҳар қандай демократик давлат НАТОга аъзолик учун ариза бериш ҳуқуқига эга ва НАТО иттифоқчилари бу ҳуқуқни ҳурмат қилади.

Украина бунгача ҳам НАТОга аъзо бўлиш истагини билдирган. Бироқ иттифоққа аъзо айрим давлатлар Украинанинг Евроатлантика истиқболига шубҳа билан қарашади. Хусусан, 14 февраль куни Германия канцлери Олаф Шольц Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши масаласи ҳали кун тартибида эмаслигини айтган.

Украина ҳудудига бостириб киргандан сўнг, Россия расмий Киевга ультиматум қўйди, у Украина НАТОга қўшилмаслиги ва армия сонини камайтириш кафолатларини ўз ичига олган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг