Столтенберг Украинанинг НАТОга аъзолик аризасига жавоб қайтарди

Олам

image

Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО) Бош котиби Йенс Столтенбергнинг айтишича, Украина учун Альянсга кириш эшиклари очиқ, бироқ ҳозир асосий эътибор Россиянинг кенг кўламли босқинида унинг ҳимоясини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бу ҳақда Бош котиб Брюсселдаги Матбуот анжуманида маълум қилди.

Столтенбергнинг сўзларига кўра, Европадаги ҳар қандай демократик давлат НАТОга аъзолик учун ариза бериш ҳуқуқига эга ва НАТО иттифоқчилари бу ҳуқуқни ҳурмат қилади.

“Биз НАТО эшиклари очиқлигини қайта-қайта таъкидлаганмиз. Буни ўтган йиллар давомида кўрсатдик”, дейди у.

Бош котиб НАТО иттифоқчилари ҳам Мадриддаги саммитда учрашганларида, Украинанинг қайси хавфсизлик механизмининг бир қисми бўлишни хоҳлашини ҳал қилиш учун ўз йўлини танлаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини очиқ айтганини эслатган.

“Кейин аъзолик тўғрисидаги қарор барча 30 иттифоқчи томонидан қабул қилиниши керак ва биз бундай қарорларни консенсус орқали қабул қиламиз”, деган НАТО Бош котиби.

Столтенберг ҳозирда Альянснинг эътибори Украина ўзи Россия босқинидан ҳимоя қилиши учун уни қўллаб-қувватлашга қаратилганини қайд этган.

Украинанинг НАТОга интилиши

Украина аллақачон НАТОга аъзо бўлиш истагини билдирган. Бироқ иттифоққа аъзо айрим давлатлар Украинанинг Евроатлантика истиқболига шубҳа билан қарашади. Хусусан, 14 февраль куни Германия канцлери Олаф Шольц Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши масаласи ҳали кун тартибида эмаслигини айтди.

Украина ҳудудига бостириб киргандан сўнг, Россия расмий Киевга ультиматум қўйди, у Украина НАТОга қўшилмаслиги ва армия сонини камайтириш кафолатларини ўз ичига олган.

Мадридда ўтган НАТО ёзги саммитида аъзо давлатлар Украинага кенг қамровли ёрдам пакетини маъқулладилар ва унга Россия Федерацияси билан уруш ғалаба билан якунланишигача ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирдилар. Кейин НАТО саммитида Украина делегациясига бошчилик қилган Президент девони раҳбари ўринбосари Игор Жовква саммит натижаларидан мамнун эканини айтди, шунингдек, Киев Альянсга қўшилиш йўлида давом этаётганини таъкидлади.

Киев халқаро социология институти ва Украинадаги Миллий демократик институт ўтказган сўнгги сўровларга кўра, респондентларнинг 79 фоизи Украинанинг 2030 йилгача НАТОга аъзо бўлишини хоҳлайди. Таққослаш учун, май ойида худди шу саволга 73 фоиз иштирокчи ижобий жавоб берган. Украиналикларнинг 69 фоизи альянсга қўшилишни кутмоқда, май ойида эса бу кўрсаткич 65 фоиз даражасида эди.

Аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский ҳукумат НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топшириши ҳақида маълум қилиб, тегишли аризани имзолаш жараёни акс этган видео билан бўлишганди. Расмий Киев Россия Украинанинг тўрт вилояти – Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожьени аннексия қилгач, шундай баёнот билан чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

442

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг