Украина НАТОга аъзолик учун ариза топширади – Зеленский
Олам
−
30 Сентябрь 2022
7369Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиши учун ариза топширилишини маълум қилди. Бу ҳақда у навбатдаги видеомурожаати чоғида маълум қилди. Зеленский Украина Олий Радаси раиси Руслан Стефанчук ва Бош вазири Денис Шмигал билан тегишли аризани имзолаган.
“Де-факто, биз аллақачон НАТОга йўлни босиб ўтдик. Де-факто, биз аллақачон Альянс стандартларига мувофиқлигимизни исботлаганмиз. Улар Украина учун ҳақиқий – жанг майдонида ҳам, ўзаро муносабатларимизнинг барча жабҳаларида ҳам ҳақиқийдир.
Биз бир-биримизга ишонамиз, бир-биримизга ёрдам берамиз ва бир-биримизни ҳимоя қиламиз. Бу – Альянс. Бугун Украина буни де-юре қилиш учун ариза топширмоқда. Бутун ҳамжамиятимизни ҳимоя қилиш қийматига мос келадиган тартиб билан. Тезкор тарзда”, деб тушунтирган Зеленский.
Давлат раҳбари Украина НАТОга тезлаштирилган аъзолик бўйича аризани имзолаш орқали ўзининг ҳал қилувчи қадамини ташлаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, бугун Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.
Украинанинг НАТОга интилиши
Украина аллақачон НАТОга аъзо бўлиш истагини билдирган. Бироқ иттифоққа аъзо айрим давлатлар Украинанинг Евроатлантика истиқболига шубҳа билан қарашади. Хусусан, 14 февраль куни Германия канцлери Олаф Шольц Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши масаласи ҳали кун тартибида эмаслигини айтди.
Украина ҳудудига бостириб киргандан сўнг, Россия расмий Киевга ультиматум қўйди, у Украина НАТОга қўшилмаслиги ва армия сонини камайтириш кафолатларини ўз ичига олган.
Мадридда ўтган НАТО ёзги саммитида аъзо давлатлар Украинага кенг қамровли ёрдам пакетини маъқулладилар ва унга Россия Федерацияси билан уруш ғалаба билан якунланишигача ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирдилар. Кейин НАТО саммитида Украина делегациясига бошчилик қилган Президент девони раҳбари ўринбосари Игор Жовква саммит натижаларидан мамнун эканини айтди, шунингдек, Киев Альянсга қўшилиш йўлида давом этаётганини таъкидлади.
Киев халқаро социология институти ва Украинадаги Миллий демократик институт ўтказган сўнгги сўровларга кўра, респондентларнинг 79 фоизи Украинанинг 2030 йилгача НАТОга аъзо бўлишини хоҳлайди. Таққослаш учун, май ойида худди шу саволга 73 фоиз иштирокчи ижобий жавоб берган. Украиналикларнинг 69 фоизи альянсга қўшилишни кутмоқда, май ойида эса бу кўрсаткич 65 фоиз даражасида эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь